Бугун экилган ниҳол эртанги авлодга қолгувчи меросдир
Бугун табиатни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласи нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки аҳоли саломатлиги ва келажак авлод тақдири билан боғлиқ муҳим вазифага айланмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ҳам айнан шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида мамлакатимизда дарахт экиш, боғ-роғлар барпо этиш ва аҳоли яшаш манзилларини ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳам мазкур лойиҳа доирасида кенг кўламли кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, ходимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар фаол иштирок этишди.
Тадбир давомида ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу билан нафақат маҳалла қиёфасини янада кўркамлаштириш, балки яшил ҳудудларни кенгайтириш, ҳаво мусаффолигини таъминлаш ва экологик муҳитни яхшилашга ҳам ҳисса қўшилди.
— Кўчат экиб, боғ яратиш, табиатни асраб-авайлаш халқимизнинг минг йиллардан буён давом этиб келаётган қадриятларидан бири. Аждодларимиз янги туғилган фарзанд шарафига унинг исми билан дарахт экишган. Фарзанд ҳам, дарахт ҳам бирга камол топган. Биз ҳам бу эзгу анъанани давом эттириб, бугунги авлодга яшил, соғлом ва обод муҳит қолдиришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир, — дейди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров.


Дарҳақиқат, дарахт экиш бир кунлик тадбир ёки мавсумий иш эмас. Унинг ҳақиқий самараси йиллар давомида кўринади. Шу боис тадбирда яшил ҳудудларни кенгайтириш фақат кўчат ўтқазиш билан чекланиб қолмаслиги, балки уларни ўз вақтида суғориш, парваришлаш ва асраб-авайлаш ҳам бирдек муҳим эканига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга экилган ҳар бир ниҳолнинг тутиб кетиши ва келгусида соғлом ривожланишини таъминлаш бўйича тизимли назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати — унда ёшлар вакилларининг фаол иштироки бўлди. Зеро, табиатга меҳр, дарахт экиш ва уни парваришлаш маданияти ёшликдан шаклланади. Бу борада катта авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.
— Бугун ёшларга боғ яратиш сирларини ўргатиб, кўчат ўтқазишда бирга қатнашaётганимиз жуда қувонарли. Кун келиб, бугун парваришини бошлаган ниҳоллар соясида қишлоқдошларимиз дам олиб, бизни дуо қилишади, — дейди меҳнат фахрийси Бахтиёр Раҗабов.
Бундай эзгу ташаббусларнинг кўлами вилоят миқёсида ҳам изчил кенгаймоқда. Жумладан, 2026 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида Бухоро вилояти бўйича 1 миллион 417 минг 762 туп кўчат экилди. Натижада белгиланган режа 15,2 фоизга оширилиб, ижро 115,2 фоизни ташкил этди.
Эътиборлиси, баҳорги мавсумда асосий эътибор нафақат кўчат экиш, балки уларнинг тутиб кетиши, суғорилиши ва ўз вақтида парваришланишига ҳам қаратилди. Бу эса лойиҳада миқдор кўрсаткичларидан кўра, амалий натижа ва барқарорлик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.


Эндиликда вилоятда 2026 йил кузги кўчат экиш мавсумини самарали ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Мавжуд режага мувофиқ, вилоятнинг 516 та маҳалласида жами 3 миллион 109 минг 400 туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши белгиланган.
Ҳудудлар кесимида режалар ҳам аниқ белгилаб олинган. Жумладан, Жондорда 389,1 минг, Ғиждувонда 365,8 минг, Ромитонда 357,7 минг, Қоракўлда 311,2 минг, Вобкентда 299,1 минг, Бухоро туманида 271,6 минг, Пешкўда 275,8 минг, Шофирконда 238,8 минг, Когон туманида 173,2 минг, Олотда 69,6 минг, Бухоро шаҳрида 42,3 минг, Қоровулбозорда 30,3 минг ҳамда Когон шаҳрида 22,6 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган.
Ушбу кўрсаткичлар “Яшил макон” лойиҳаси Бухоро вилоятида ҳам кенг қамровли экологик ҳаракатга айланаётганини англатади. Айниқса, ҳар бир маҳаллада яшил ҳудудлар барпо этилиши, аҳоли ва жамоатчиликнинг бу жараёнга жалб қилиниши ишнинг узвийлигини таъминлайди. Чунки яшилликни кўпайтириш фақат обод манзара яратиш эмас, балки чанг ва иссиқ ҳаво таъсирини камайтириш, соғлом турмуш муҳитини шакллантириш, сув ва тупроқ ресурсларини асрашга ҳам хизмат қилади.


Қоракўлдаги бугунги тадбир ҳам ана шу умуммиллий ҳаракатнинг маҳалладаги амалий ифодасидир. Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров ҳам иштирок этиб, лойиҳанинг аҳамияти, маҳаллаларда яшил ҳудудларни кўпайтириш ва бу жараёнда жамоатчилик масъулиятини ошириш масалаларига тўхталди.
Энг муҳими, бугун ерга қадаб қўйилган ҳар бир ниҳол келажакка қаратилган эзгу ниятнинг ифодасидир. Унинг соясида эртага болалар ўйнайди, кексалар ҳордиқ чиқаради, маҳаллалар янада кўркам қиёфа касб этади. Бунинг учун эса кўчат экиш билан бирга уни асраб-авайлаш, парваришлаш ва яшил мерос сифатида келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг умумий бурчимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири