Маҳалла бошқаруви самарадорлиги ва жамоатчилик масъулияти масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда маҳаллани аҳоли ҳаётига дахлдор масалалар ҳал этиладиган, оилавий қадриятлар асраладиган, ёшлар тарбияси ва жамоат хавфсизлиги таъминланадиган муҳим ижтимоий институтга айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳалла тизимининг бошқарув салоҳиятини ошириш, жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва “Маҳалла медиа” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни белгиланган тартиб асосида ўтказиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш, соғлом оила ва соғлом ёшлар муҳитини шакллантириш, шунингдек, хавфсиз маҳалла барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд вазифалар хусусида ахборот берди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида вилоятда 2 295 та тўй ва оилавий тантана, 22 885 та маърака ҳамда бошқа маросимлар ўтказилган. Уларнинг 1 261 тасида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиниши ўрганилиб, 117 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Уларнинг 37 таси бўйича тегишли чоралар кўрилган.
[gallery-32461]
Бу рақамлар масаланинг фақат маросимларни тартибга солиш билан чекланмаслигини кўрсатади. Зеро, тўй ва маъракалар халқимизнинг асрий қадриятлари, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик анъаналарининг муҳим ифодасидир. Бироқ уларни меъёрдан ортиқ дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш, оилаларнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиш ҳам бугунги куннинг муҳим ижтимоий талабига айланмоқда. Бу борада маҳалла фаолларининг тушунтириш ишлари ва жамоатчилик назорати алоҳида аҳамият касб этади.
Анжуманда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу йўналишларда маҳалла, оила, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликда иш олиб бориши муҳимлиги таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, хавфсиз ва фаровон маҳалла ўз-ўзидан шаклланмайди. Бунинг учун ҳар бир хонадондаги муаммога бефарқ бўлмаслик, ёшлар бандлиги ва тарбиясига эътибор қаратиш, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқий ва ижтимоий масъулиятни кучайтириш талаб этилади. Шу маънода, маҳалла тизимидаги ислоҳотларнинг самараси, аввало, одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади.
Тадбирда Бухоро вилоятида тўпланган амалий тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг оммалаштириш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш масалалари қайд этилди.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерларнинг саволларига соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар берилди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (суратлар), ЎзА мухбирлари