Ўзбекистон вакили COOMET Президенти этиб қайта сайланди
Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган COOMET Қўмитасининг 38-йиғилиши доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Лазизбек Саидорипов кетма-кет иккинчи муддатга COOMET Президенти этиб сайланди.
Бу Ўзбекистоннинг халқаро метрология соҳасидаги нуфузи тобора юксалиб бораётгани, мамлакатимиз томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Йиғилиш давомида яна бир муҳим натижа қайд этилди. Илк бор Ўзбекистон вакиллари COOMETнинг таркибий органлари раҳбарлигига сайланди. Жумладан, Азамат Таубалдиев «Ионлаштирувчи нурланишлар ва радиоактивлик» техник қўмитаси раиси, Алишер Ботиров эса «Сарф ўлчаш» ишчи гуруҳи раиси этиб сайланди.
Бу каби юксак эътирофлар ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбий салоҳияти, уларнинг минтақавий ва халқаро миқёсда метрологияни ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳамда мамлакатимизга бўлган ишонч ортиб бораётганидан далолат беради.

Маълумот учун, COOMET (Евроосиё давлат метрология муассасалари ҳамкорлик ташкилоти) минтақада ўлчашлар бирлигини таъминлаш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро стандартларни жорий этиш бўйича нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Қайд этилишича, COOMET Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА