Истеъмолчилар манфаати йўлида ННТлар билан ҳамкорлик кучайтирилади
Рақобат қўмитаси ҳамда "German Sparkassenstiftung for International Cooperation" (Германия) ташкилоти билан ҳамкорликда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Германия халқаро ҳамкорлик жамғармасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўлими, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шунингдек, ННТларнинг давлат ижтимоий буюртмаларида иштирокини кенгайтириш масалалари ва тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш, фуқаролар мурожаатларини қонуний кўриб чиқиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Фуқаролик кодекси талабларини қўллаш, Германия ҳамда Европа мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама мониторинги бўйича илғор амалиётларни жорий этиш мақсад қилинган.

Тадбирда соҳадаги мавжуд муаммолар, ННТлар учун яратилган ҳуқуқий имкониятлар, ижтимоий буюртмаларни амалга ошириш самарадорлиги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратининг ўрни муҳокама қилинди.
Хусусан, ННТлар олдида турган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича мавжуд механизмларни такомиллаштириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда ННТлар томонидан «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини мунтазам ўтказиш, уларнинг натижаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда жамоатчилик эътиборини истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши масалаларига қаратиш муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА