Яшил энергия бўйича меморандум имзоланди
Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги — InnoWeek–2026 доирасида Сирдарё вилоятининг Боёвут инновацион тумани ҳамда Жанубий Кореянинг «KECC Holding Group» ва «Geoteç Engineering-Design Group» компаниялари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум ҳудудда чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия ишлаб чиқариш ва замонавий экологик технологияларни жорий этиш орқали халқаро инновацион ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Келишув доирасида маиший қаттиқ чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш, чиқиндилар полигонида ажраладиган газни йиғиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, ирригация каналлари имкониятларидан фойдаланиб, кичик гидроэлектр станцияларини (мини ГЭС) ташкил этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш имкониятларини баҳолаш бўйича ҳамкорлик олиб борилади.

Мазкур келишув Сирдарё вилоятига хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар яратади. Режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши чиқиндиларни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

— Жанубий Корея компаниялари билан имзоланган меморандум Боёвут туманида замонавий экологик технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар яратади. Келишув доирасида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш ва мини ГЭСлар ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, инвестицияларни жалб этиш ва янги иш ўринларини ташкил қилишга хизмат қилади. Асосий вазифа — эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш ва уларнинг самарасини аҳоли ҳаётида намоён этишдир, — деди Боёвут тумани ҳокимининг инновацион ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Муроджон Тўрақулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири