Зоминда йилига 500 тонна ширинлик ишлаб чиқарувчи қувват яратилди
Жиззах вилояти Зомин туманидаги Ёшлар технопаркида йиллик қуввати 500 тонна бўлган “Sweet Baraka House” қандолатчилик корхонаси иш бошлади.
Маҳаллий ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари ва экспорт режалари Зоминдаги қандолатчилик лойиҳасининг асосий йўналишларидир. Бир миллиард сўмлик сармоя эвазига иш бошлаган корхона келгусида бозор кўламини кенгайтиришни кўзламоқда. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тадбиркор учун бозорга кириш имконияти бўлса, аҳоли учун барқарор даромад манбаидир. Зомин туманидаги Ёшлар технопаркида фаолият бошлаган “Sweet Baraka House” МЧЖ мисолида бу икки йўналиш уйғунлашмоқда.
“Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган корхона тадбиркор Ҳамид Хўжабеков раҳбарлигида ташкил этилди. Маҳсулот тайёрлаш жараёнида Германия ва Италиянинг замонавий технологияларидан фойдаланилмоқда.

Корхонада печеньенинг турли шакл ва ҳажмдаги кўринишлари билан бирга, жами 15 турдан ортиқ қандолат маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қувват 500 тонна этиб белгиланган. Лойиҳа доирасида бир миллиард сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, 50 нафар хотин-қиз ва ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Корхона раҳбари Ҳамид Хўжабеков истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.
– Кейинги босқичда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва шоколад аралашмали ширинликлар тайёрлашни режалаштирганмиз,– дейди у.
Тадбиркорнинг режалари ички бозор билан чекланмайди. Қўшни давлатларга маҳсулот етказиб бериш нияти ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш заруратини юзага келтиради.
Корхонанинг кейинги ривожи ишлаб чиқариш қувватидан самарали фойдаланиш, харидор талабига мос маҳсулот тайёрлаш ва ташқи бозорда ўз ўрнини топишига боғлиқ. Ана шу вазифаларнинг бажарилиши янги лойиҳанинг иқтисодий самарасини белгилайди.
Абдужалол ҚАЮМОВ,
ЎзА