Янги инвестиция лойиҳалари режалаштирилмоқда
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида саноат тармоқларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш борасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилмоқда.
Туман делегациясининг Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном тумани, Урумчи шаҳрининг Мидун туманида жойлашган «Xinjiang Hongxin Shengyuan Steel Structure Co., Ltd.» корхонасига ташрифи давомида корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишилди.
Ташриф чоғида металл конструкциялар, рангли профнастил ҳамда C ва Z шаклли пўлат профиллар ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий ускуналар ва технологик ечимлар, шунингдек, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ўрганилди.

Музокаралар давомида мазкур соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор технологияларни Ёзёвон туманида жорий этиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболда туманда металл конструкциялар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Хитойлик ишбилармонлар билан олиб борилаётган музокаралар Ёзёвон туманининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва саноат тармоқларини диверсификация қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Туроб Ниёзов, ЎзА