Ўзбекистон ва Афғонистон чорвачиликда янги келишувларга эришди
Афғонистон делегацияси Ўзбекистонда чорвачилик ва наслчилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди. Музокаралар икки давлат учун ўзаро манфаатли янги имкониятларни очиши кутилмоқда.
Айни кунларда Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Аъзам Усмоний бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Афғонистон делегацияси Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигида бўлиб, икки мамлакат ўртасида чорвачилик ва наслчилик йўналишларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Ботир Тоғаев, директор маслаҳатчиси Алишер Сафаров ҳамда соҳанинг бошқа масъул ходимлари иштирок этди. Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг чорвачилик ва наслчилик соҳасидаги тажрибаси, замонавий технологияларни жорий этиш, наслли чорва моллари савдосини ривожлантириш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш бўйича истиқболли йўналишлар кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон томонидан Эрон Ислом Республикасидан Ўзбекистонга наслли чорва молларини олиб келишда Афғонистон ҳудуди орқали транзит ташувларига рухсат бериш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, афғонистонлик мутахассислар учун Ўзбекистонда қорамолларни сунъий уруғлантириш ва наслчилик йўналишларида бепул малака ошириш курсларини ташкил этиш, амалий семинар ва тренинглар ўтказишга келишиб олинди.

Афғонистонга юқори генетик салоҳиятга эга наслли чорва моллари уруғлик материалларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари экспорти ва импорти, наслли чорва моллари етказиб бериш ҳамда соҳада тажриба алмашиш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.

Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида чорвачилик соҳасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилди.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА