Қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнатининг муносиб эътирофи
Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир фуқароси аграр соҳа меҳнаткашлари билан фахрланмоқда. Янги Ўзбекистон тарихида илк бор пахта ҳосили 5 миллион тоннадан ошди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг деҳқон ва фермерларга, соҳанинг барча ходимларига йўллаган табригида ушбу ютуқнинг тарихий аҳамияти алоҳида эътироф этилди.

Бу нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бутун мамлакатимиз учун жуда муҳим воқеадир. Янги Ўзбекистон тарихида илк бор бундай улкан хирмон кўтарилди. Ушбу натижа ортида миллионлаб инсонларнинг фидокорона меҳнати ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юқори самарадорлиги мужассам.
Мазкур муваффақиятнинг алоҳида аҳамияти нафақат рекорд даражадаги кўрсаткичларда, балки аграр тармоқнинг кенг кўламли трансформациясида ҳам намоён бўлмоқда.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг мутлақо янги модели шаклланди: экин майдонларини кенгайтиришдан ҳосилдорликни оширишга, маъмурий босимдан фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигига, оғир қўл меҳнатидан замонавий механизация ва илмий технологияларга ўтилди.
Аграр сиёсатнинг фалсафаси тубдан ўзгарди. Илгари асосий мезон режани ҳар қандай эвазига бажаришдан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда иқтисодий самарадорлик, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш ва инсоннинг ўз меҳнати натижасидан бевосита манфаатдорлиги устувор аҳамият касб этмоқда.
5 миллион тонналик пахта ҳосили йиғилгани экстенсив моделдан билим, инновация ва юқори меҳнат унумдорлигига асосланган интенсив ривожланишга ўтилганининг амалий натижаси бўлди. Келтирилган маълумотлар ислоҳотларнинг кўламини яққол кўрсатиб турибди. Сўнгги йилларда ғўза майдонлари 38 фоизга қисқаргани ҳолда, ўртача ҳосилдорлик 2,7 бараварга — гектаридан 21 центнердан 56 центнергача ошди.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси юқори самара бермоқда. Алоҳида фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши ҳисобига пахта ҳосилдорлиги аввалги 25–30 центнердан 80–85 центнергача етди. Сув тежовчи технологияларнинг қўлланилиши эса 1990 йилларга нисбатан сув сарфини икки бараварга қисқартириш имконини берди.
Республикамизда Марказий Осиё давлатлари орасида пахтачилик тармоғини энг кенг кўламли таркибий қайта қуриш амалга оширилди. Хомашёни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳанинг иқтисодий мавқеини изчил ўзгартирмоқда.
Ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан бири фуқароларни пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этишдан бутунлай воз кечилгани бўлди. Ўқитувчилар, талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимлари ўзларининг бевосита хизмат вазифаларини бажаришга қайтди. Ушбу жараён кенг кўламли механизациялаштириш ҳисобига эволюцион йўл билан амалга оширилди. 2026 йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш комбайни ёрдамида йиғиб олинди.
Депутатлар корпуси учун ҳар бир инсоннинг муносиб меҳнат қилиши ва унга муносиб ҳақ олишини таъминлаш бош мезон бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан Президент томонидан билдирилган прогноз алоҳида эътиборни тортади: 2026 йил якунлари бўйича пахтакор-фермерларнинг соф фойдаси 13–14 триллион сўм даражасида бўлиши кутилмоқда.
Тармоқ даромадлилигининг ортиши ишлаб чиқариш циклининг барча иштирокчилари: хўжалик раҳбарлари, деҳқонлар, механизаторлар, агрономлар ва жалб этилган мутахассислар фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бунда ҳар бир шахснинг дискриминациясиз муносиб меҳнат қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлиш ва меҳнатига муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси талаблари сўзсиз таъминланмоқда.
Аграрийлар эришган тарихий муваффақият ижтимоий адолат тамойилларининг тантанасини акс эттиради: хўжаликлар даромадлилигининг ўсиши иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, кафолатланган ижтимоий ҳимоя ва касбий ўсиш учун яратилган шароитлар билан мутаносиблик ташкил этмоқда. Хўжаликларнинг аниқ иш натижалари билан боғланган давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилаётгани ҳам ушбу эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.
Парламентнинг вазифаси қишлоқ жойларда иқтисодий кўрсаткичлар ва турмуш даражасининг мутаносиб равишда ўсишини таъминлайдиган қонунчилик кафолатларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Ислоҳотларнинг ҳақиқий қиймати оилалар фаровонлиги, муносиб даромад, фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва уларнинг меҳнати жамият томонидан эътироф этилиши билан ўлчанади.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига қаратилгани айнан шунда намоён бўлади. Кучли қишлоқ хўжалиги — бу, энг аввало, эль-юрт фаровонлигини таъминлаётган инсонларнинг муносиб ҳаёти демакдир. Ушбу меҳнатга муносиб ҳақ тўланиши олиб борилаётган сиёсат самарадорлигининг бош мезони бўлиб қолади.
Нодира РАШИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси.