Фарғонада пахтачилик мавсуми якунлари таҳлил қилинди
Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида пахтачилик соҳасида эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Сирдарё–Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъуллари, соҳа мутахассислари, фермерлар, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Анжуманда қайд этилганидек, жорий йилда мамлакатимизда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилди. Ушбу натижага фарғоналик пахтакорлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб, вилоятда 371,5 минг тоннадан зиёд ҳосил олинди.
Мавсум давомида 72 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, шундан 62 минг гектарига хорижий навли чигит экилди. Пахта теримини механизациялаш мақсадида Хитойнинг «Swan» компаниясидан 135 та янги терим машинаси харид қилинди. Натижада вилоятдаги бундай техникалар сони қарийб 300 тага етди.
Вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик гектарига 53,5 центнерни ташкил этди. Қўштепа, Бағдод, Бувайда, Қува, Ёзёвон, Олтиариқ ва Тошлоқ туманларидаги фермер хўжаликлари юқори натижаларга эришди.
Тадбирда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимларини кенгайтириш, канал ва ариқларни бетонлаштириш ҳамда селекция ютуқларини амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, илғор фермерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, юқори ҳосилдорликка эришишда қўллаган усуллари ҳақида маълумот берди.
[gallery-32453]
Анжуман якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа масъулларидан батафсил жавоб олди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА