Испания агротехникалари Ўзбекистонда ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда
COP31 доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Испания вазири билан учрашиб, қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни чуқурлаштириш, илғор тажриба ва технологияларни жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Замонавий технологиялар, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сифатли уруғчилик ва илғор агротажриба аграр соҳанинг рақобатбардошлигини белгиламоқда. Шу маънода, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва уни миллий қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси — COP31 доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Испания Қироллиги қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат вазири Луис Планас Пучадес билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида шаклланган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, суҳбат жараёнида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон–Испания бизнес-форуми якунлари алоҳида эътибор марказида бўлди. Унда эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш ва уларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорликнинг амалий йўналишлари ҳам кенг. Хусусан, Испаниянинг илғор агротехнологиялари, иссиқхоначилик, уруғчилик, сув ресурсларини бошқариш ва агрологистика соҳаларидаги тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Испаниянинг истиқболли узум навларини мамлакатимизда етиштириш кўламини кенгайтириш ва бу борада илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашувда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Жумладан, 2027 йил баҳор ойларида “Марказий Осиё – Озарбайжон – Испания” форматида халқаро форум ташкил этиш, унинг доирасида вазирлар учрашуви ва бизнес-форум ўтказиш таклифи муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Тошкентда эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш ва икки мамлакат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА