Ўзбекистон Афғонистон билан озиқ-овқат ҳамкорлигини кенгайтиради
Ўзбекистон ва Афғонистон озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ушбу келишув икки давлат учун янги савдо ва иқтисодий имкониятларни очиб беради.
Ўзбекистон ва Афғонистон озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиради. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов ва Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Мавлавий Садр Аъзам Усмоний бошчилигидаги делегация учрашувида айтилди.
Мулоқотда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, фитосанитария ҳамда ветеринария йўналишларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга салкам 430 миллион долларлик 1,33 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қиймат жиҳатидан 12 фоизга кўп.
Учрашувда Афғонистондан гилос ва ўрик импортини йўлга қўйиш учун фитосанитария хавфи таҳлилини якунлаш, ушбу юртдан картошка импорти ҳажмини кенгайтириш ва 300 минг тоннагача етказиш имкониятларини кўриб чиқиш, гўшт ишлаб чиқарувчи корхоналарини тегишли реестрга киритиш жараёнларини жадаллаштириш, ветеринария хизмати фаолиятини аудитдан ўтказиш ва гўшт ишлаб чиқарувчи корхоналарда инспекция ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондан Афғонистонга балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспортини кенгайтириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, ветеринария-санитария ва фитосанитария талабларига риоя этиш, шунингдек, мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш, масъул мутахассислар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва мавжуд масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА