Ўзбекистон – Корея: билим ва технологиялар уйғунлигида янги имкониятлар
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар бугун кўп қиррали стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Иқтисодиёт, юқори технологиялар, транспорт, тиббиёт, рақамлаштириш ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорлик билан бир қаторда, таълим ва инсон капитали мазкур муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Бу яқинликнинг илдизлари ҳам олис тарихга бориб тақалади. Самарқанддаги Афросиёб деворларида сақланиб қолган қадимий тасвирларда Когурё элчиларининг акс эттирилгани халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг тарихий асослари борлигидан далолат беради. Асрлар давомида дунё қиёфаси ўзгарди. Аммо инсон қадри, оилага ҳурмат, кексаларни эъзозлаш, меҳнатсеварлик, фарзандлар таълими ва келажаги учун масъулият билан ёндашиш каби муштарак қадриятлар халқларимизни бир-бирига яқинлаштириб келмоқда.
Бугун ана шу тарихий яқинлик таълим, технология ва инновациялар орқали янги мазмун касб этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон – Корея муносабатлари аниқ амалий лойиҳалар билан бойиб, стратегик шерикликнинг қамрови кенгайиб бормоқда.
Авваллари икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар асосан савдо ва инвестиция алоқалари билан изоҳланган бўлса, бугун ҳамкорлик юқори технологиялар, сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, яшил энергетика, замонавий ишлаб чиқариш, транспорт ва рақамли ечимлар каби соҳаларни ҳам қамраб олмоқда.
“Hyundai Rotem” компаниясининг юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлари, Урганч халқаро аэропортини Инчхон корпорацияси иштирокида замонавий BOT модели асосида ривожлантириш каби лойиҳалар транспорт ва логистика инфратузилмасини модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ ҳар қандай технологик янгиланиш самараси, аввало, уни яратадиган, бошқарадиган ва амалиётга татбиқ этадиган мутахассисларга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасидаги лойиҳалардир.
Бугун юртимиз ёшлари мамлакатимизда қолган ҳолда халқаро таълим стандартлари асосида билим олиш имкониятига эга бўлмоқда. Инҳа, Бучхон, Ажоу университетлари, Фарғонадаги Корея халқаро университети каби таълим муассасалари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаларини намоён этмоқда.
Муҳандислик, ахборот технологиялари, бизнес, архитектура ва бошқа замонавий соҳаларда халқаро тажриба асосида мутахассислар тайёрланаётгани мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим омилдир.
Фарғона давлат университетида ташкил этилган Халқаро тилларни ўқитиш маркази ҳам мазкур жараённинг узвий қисми ҳисобланади. Марказда инглиз, корейс, япон, немис, француз ва рус тилларини ўрганиш учун яратилган шароитлар ёшларни халқаро таълим ва меҳнат бозорига тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Кореяда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, шунингдек, у ерда малака ошираётган шифокорлар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларнинг тажрибаси ҳам келгусида мамлакатимиз ривожига хизмат қилиши табиий. Зеро, инсон капиталига йўналтирилган сармоя натижаси бир кунда эмас, балки йиллар давомида намоён бўлади.
Бугун таълим олдида турган вазифа фақат дипломли мутахассис тайёрлаш билан чекланмайди. Ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш, ўз қобилиятини амалда намоён этиш ва мустақил даромад топиш имконини бериш ҳам муҳим.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитиш, мамлакат миқёсида 1 миллион нафар ёшнинг юқори даромадли иш ўринларига эга бўлиши учун шароит яратиш бўйича вазифалар белгиланди.
Ушбу вазифалар ижросида олий таълим муассасаларининг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда университетлар бинолари, аудитория, лаборатория ва устахоналаридан кун давомида унумли фойдаланиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Жумладан, куннинг биринчи ярмида талабалар учун анъанавий ўқув машғулотлари ўтказилса, соат 16:00 дан кейин мазкур базадан ҳудуд ёшларини касб-ҳунарга ўқитишда фойдаланилади. Бу билан олий таълим муассасаси фақат талабалар таҳсил оладиган маскан эмас, балки маҳалладаги ёшлар учун ҳам билим ва касб ўрганиш майдонига айланмоқда.
Фарғона давлат университетида ҳам шу мақсадда “Таълим хизматлари маркази” негизида 20 та касб бўйича ўқув курсларини қамраб олган “Касбга ўқитиш маркази” ташкил этилди.
Марказ фаолиятини йўлга қўйишда ҳудудий меҳнат бозори эҳтиёжлари, замонавий касбларга бўлган талаб ва университетнинг мавжуд моддий-техника базаси инобатга олинмоқда. Қисқа муддатли амалий курслар орқали ёшларга муайян касбни эгаллаш ва назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш имкони берилади.
Фарғона водийси азалдан ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва меҳнатсеварлик анъаналари билан ажралиб туради. Энди бу салоҳиятни замонавий билим ва технологиялар билан уйғунлаштириш янги иқтисодий имкониятлар учун замин яратади.
Бир томонда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва дастурлашни ўрганаётган ёшлар бўлса, бошқа томонда миллий ҳунармандчилик сирларини ўзлаштираётган йигит-қизлар таҳсил олиши мумкин. Уларни бирлаштирадиган жиҳат эса касб эгаллаш ва ўз меҳнати орқали мустақил ҳаёт қуришга интилишидир.
Кореянинг технологик тажрибаси билан Ўзбекистоннинг бой таълим ва ҳунармандчилик анъаналарини уйғунлаштириш шу жиҳатдан аҳамиятли. Бугун касб эгаллаётган ёш эртага замонавий саноат корхонасида муҳандис ёки технолог бўлиб ишлаши, яна бири эса миллий ҳунармандчиликни замонавий дизайн ва рақамли маркетинг билан бирлаштириб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши мумкин.
Демак, таълим инсонга нафақат билим, балки ўз имкониятларини англаш, касб танлаш ва келажагини мустақил қуриш учун зарур кўникмаларни ҳам беради.
Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги меҳнат миграцияси соҳасида ҳам янги йўналишларни юзага чиқармоқда. Хорижда ишлаш даромад манбаи бўлиш билан бирга, замонавий ишлаб чиқариш маданияти, меҳнат интизоми ва касбий тажриба орттириш имконини ҳам беради.
Фарғонадаги касб-ҳунар марказлари битирувчиларининг “Hyundai Heavy Industries” каби йирик компанияларга ишга жалб этилиши, “KIA Auto” тренинг устахоналарининг ташкил қилиниши ёшларни саноат корхоналари талабларига мос тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Кореяда меҳнат қилаётган юртдошларимиз учун ҳуқуқий ҳимоя, меҳнат шароитлари ва молиявий хизматлар билан боғлиқ масалаларда яратилаётган имкониятлар ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Меҳнат бозорида рақобатбардош кадр тайёрлашнинг муҳим шарти инсонни касбга олдиндан тайёрлаш ва унинг хорижда орттирган тажрибасидан мамлакатимиз иқтисодиёти манфаатлари йўлида самарали фойдаланиш механизмларини шакллантиришдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 ва 2026 йилларда Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифлари Ўзбекистон – Корея муносабатларининг янги босқичини белгилаб берган муҳим воқеалардан бўлди.
2021 йилда стратегик шерикликка асосланган муносабатлар бугун сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, юқори тезликдаги транспорт, ақлли шаҳарлар, рақамли қишлоқ хўжалиги ва бошқа технологик йўналишлар билан бойиб бормоқда.
Қадимий Ипак йўли бир вақтлар Шарқ ва Ғарбни ипак, зираворлар ва турли моллар савдоси орқали боғлаган бўлса, бугунги ҳамкорлик билим, технология, инновация ва инсон салоҳияти орқали мамлакатларни яқинлаштирмоқда.
Бу жараёнда университетларнинг ўрни алоҳида. Чунки замонавий иқтисодиётга янги технологияларни олиб кириш мумкин, аммо уларни яратадиган ва самарали қўллайдиган мутахассисларни тайёрлаш изчил таълим ва узоқ муддатли меҳнатни талаб этади.
Шу боис, бугун соат 16:00 дан кейин ҳам чироқлари ўчмайдиган аудитория ва лабораториялар шунчаки бинодаги ёруғлик эмас. Бу ерда ёшлар янги касбларни ўрганиб, ўз қобилиятини синаб кўрмоқда, мустақил ҳаёт ва меҳнат фаолиятига тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳати ҳам ана шунда – технология ва инвестициялар билан бир қаторда, инсоннинг билими, салоҳияти ва ўз келажагини яратиш имкониятига йўл очишда.
Янги Ипак йўлининг энг муҳим манзиллари бугун замонавий университетлар, илмий лабораториялар ва билим масканларидир. Унинг энг муҳим иштирокчилари эса ана шу масканларда билим ва касб эгаллаб, келажагини қураётган ёшлардир.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА