Норинда ободонлаштириш ва санитария хизматлари яхшиланмоқда
Наманган вилояти Норин туманида аҳолига санитария-тозалик хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва соғлом турмуш тарзи учун қулай шароитлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Ориф нурли келажак” масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилинган 10 та янги махсус техниканинг 6 таси Норин туманига ажратилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Жўрабек Нурматов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва соҳа масъуллари иштирок этди. Янги техникаларнинг калитлари ҳайдовчиларга топширилди.
Дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи мазкур техникалар қиш мавсумида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг санитария хизматларига таъсирини камайтириш, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш имконини беради.
Шунингдек, туманнинг Янги тонг ва Бобур маҳаллаларида ободонлаштириш ва тозалик ишлари олиб борилмоқда. Ҳашарлар давомида кўча ва маҳаллаларни озода сақлаш, ҳудудларни тартибга келтиришга эътибор қаратилган.
Айни пайтда Янги тонг маҳалласида аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида саломатлик йўлакчалари барпо этиляпти.
[gallery-32512]
Мазкур йўлакчалар фуқароларнинг пиёда сайр қилиши, бадантарбия билан шуғулланиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА