Транспорт вазирлиги Оҳангаронда "Яшил макон" доирасида кўчат экди
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида Транспорт вазирлиги ходимлари "Яшил макон" лойиҳаси доирасида кенг кўламли кузги кўчат экиш тадбирларини ўтказди. Бу акция ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш ва келажак учун яшил макон яратишга хизмат қилади.
Юрт ободлиги йўлида барчамиз бирдек масъулмиз. Ана шундай масъулиятни чуқурроқ ҳис этиш учун эса муносиб ташаббускорлардан етарли ибрат олиш энг тўғри йўл саналади.
Шунинг учун ҳам юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва келажак авлодлар учун соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа кўзда тутган тадбирлар эса изчил давом эттирилмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги ПФ–206-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган “Транспортчилар боғи” ҳудудида Транспорт вазирлиги, унинг тизим ва соҳавий ташкилотлари ходимлари иштирокида кузги кўчат экиш ва ободонлаштириш тадбирлари ташкил этилди.

Мазкур эзгу ташаббус доирасида боғ ҳудудида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, мавжуд яшил майдонларни парваришлаш, кўчатларнинг соғлом ўсиб-улғайиши учун қулай шароитлар яратиш, суғориш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, жорий йил куз мавсумида ҳудудий бўлинмалар ва тизим ташкилотлари томонидан жойларда 72 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш белгиланган.
Хусусан, Оҳангарон туманида олиб борилаётган ушбу кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш ва аҳоли учун янада мусаффо, обод ҳамда файзли муҳит яратишга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА