Сув ҳисобини аниқ юритиш: Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унинг сарфини аниқ ҳисобга олиш ва таъминот тизимида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу борада ақлли сув ҳисоблагичлари нафақат истеъмол ҳажмини назорат қилиш, балки соҳадаги бошқарув самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айни йўналишдаги илғор ишланмалар ва ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганиш мақсадида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар доирасида делегация аъзолари “Sanchuan Smart Technologies” компаниясининг марказий заводида бўлди. Таъкидлаш жоизки, мазкур компания билан ҳамкорликда Андижон вилоятида замонавий сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилган. Бу эса Хитойдаги ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганишни нафақат назарий, балки маҳаллий саноат салоҳиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли қилади.

Ташриф давомида делегация аъзолари ақлли сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ечимлар ва тайёр маҳсулотлар билан танишди. Шунингдек, қурилмаларнинг техник кўрсаткичлари ҳамда сифатини баҳолашга ихтисослашган лабораториялар фаолияти ўрганилиб, уларнинг имкониятлари кўздан кечирилди.
Делегация компания тасарруфидаги сув таъминоти корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. У ердаги иш жараёнлари, хизмат кўрсатиш амалиёти ва соҳани ташкил этиш тажрибаси ўрганилди.

Бундай ташрифларнинг аҳамияти шундаки, сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш билан бирга, улардан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва сув таъминоти корхоналари фаолиятига татбиқ этиш тажрибаси ҳам муҳимдир. Зеро, аниқ ҳисоб-китоб сув йўқотишларини камайтириш, истеъмол маданиятини ошириш ва тизимда шаффофликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда делегациянинг Хитойдаги хизмат сафари давом этмоқда. Унинг кейинги босқичларида ҳам сув таъминоти соҳасидаги илғор технологиялар, ишлаб чиқариш ечимлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА