Маҳалла имкониятлари ўрганилди
Фуқароларни қийнаётган муаммоларни тинглаш, уларнинг ечимини жойида топиш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган имкониятларни ишга солиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан. Боёвут туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам аҳоли мурожаатлари тингланиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.
Президентнинг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан туманнинг Марказ маҳалласидаги Ҳуррият маданият марказида ташкил этилган сайёр қабулда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этишди.
Унда 120 нафар фуқаро ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой, бандлик, тиббий хизмат, ижтимоий ёрдам, кредит ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатлар масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалаларни назоратга олиш, фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Сайёр қабулдан сўнг вилоят раҳбари Марказ маҳалласида аҳоли даромадини ошириш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш имкониятлари билан танишди.

Хусусан, мавсумдан унумли фойдаланган ҳолда тўқсонбости экинларини экиш, хонадонлар атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини парваришлаш масалалари кўриб чиқилди. Маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг имкониятларини ишга солиш, томорқадан самарали фойдаланиш орқали даромадни ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ҳудудда кўчатчиликни ривожлантириш борасида ҳам эътиборга молик тажриба бор. 19-сонли умумтаълим мактабида 2004 йилдан буён давом этиб келаётган кўчатчилик фаолияти бунинг яққол мисолидир. Айни пайтда таълим муассасасида 17 турдаги 10 мингдан ортиқ манзарали кўчат парваришланмоқда.

Ушбу тажрибани маҳаллаларда оммалаштириш, кўчатчилик ва гулчиликни ривожлантириш орқали аҳоли учун янги даромад манбаларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Бунинг учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ташаббускор аҳоли ва ёшларни мазкур йўналишга жалб этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шундан сўнг «Яшил» техникумида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди. Ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Боёвут туманидаги ушбу учрашув ва ўрганишлар халқ билан мулоқотни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш, аҳоли мурожаатларига ечим топиш, шунингдек, маҳаллаларнинг ички имкониятларини ишга солишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Зеро, обод маҳалла, фаровон хонадон ва аҳоли розилиги, аввало, ҳар бир муаммога ўз вақтида ечим топиш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири