Халқаро ҳамкорлик
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш, тиббиёт муассасаларини замонавий технологиялар билан таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани маҳаллий тиббиёт амалиётига жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилоятида Туркия Республикасининг нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири — Отатурк университети билан тиббиёт соҳасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳсин Ражабов университет ректори, профессор доктор Аҳмет Ҳажимуфтуўғлу билан учрашди. Учрашувда тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, клиник тажриба алмашиш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Бухоро вилоятида тиббиёт соҳасини ривожлантириш, даволаш муассасаларининг клиник имкониятларини кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Туркиялик меҳмон эса университетнинг илмий-тадқиқот йўналишлари, клиник базаси ва халқаро ҳамкорлик тажрибаси билан таништирди ҳамда Бухоро билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда, айниқса, онкология соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Отатурк университети клиникаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиали ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни замонавий усуллар асосида ташхислаш ва даволаш, маҳаллий мутахассисларнинг хорижий клиникаларда амалий тажриба орттириши каби масалалар устувор вазифалар сифатида белгиланди. Зеро, онкологик касалликларга қарши курашда эрта ташхис, тўғри даволаш тактикаси ва шифокорнинг замонавий билим ҳамда кўникмалари бемор ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Музокаралар якунида тиббиёт ходимларининг қисқа муддатли малакасини ошириш ва клиник тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили 100 нафарга яқин маҳаллий тиббиёт мутахассисининг малакасини ошириш, уларни замонавий диагностика ва даволаш технологиялари билан яқиндан таништириш, хорижий мутахассислар билан клиник тажриба алмашиш ҳамда қўшма амалий дастурларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири