Олий таълимда ҳамкорлик алоқалари кўлами кенгаймоқда
Навоий давлат университети ҳамда Туркиянинг Анадолу университети ўртасида илк бор “Erasmus + KA 171 ICM” лойиҳаси йўлга қўйилди.
Ушбу лойиҳада иштирок этиш таълим ташкилотларининг салоҳияти, жозибадорлиги ва халқаро кўламини оширади.
– Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири олий таълимда мукаммалликни тарғиб қилиш билан бирга меҳнат бозори интеграцияси учун кўникмаларни, жумладан, ташаббускорлик руҳи, рақамли ва лингвистик каби кўникмаларни кучайтиради, – дейди университет ректори Муҳиддин Калонов. – Шунингдек, лойиҳа доирасида янги технологияларнинг барча имкониятларидан фойдаланиш, ижтимоий тенгликни рағбатлантириш ва педагогик ҳамда касбий салоҳият даражасини ошириш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳа иштирокчиларга асосий билим ва кўникмаларини, касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва маданиятлар ҳақидаги тушунчаларини чуқурлаштиришга ёрдам беради.
Тадбир доирасида олий таълим муассасаларининг халқаро стратегиясига мувофиқ, Европа ва бошқа давлатларда талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар мобиллик лойиҳалари амалга оширилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири