Мўйқалам соҳибининг бетакрор оламига саёҳат
Ранглар жилоси ва чизгилар уйғунлиги орқали инсон қалбига йўл топа оладиган ижодкорлар саноқли. Ана шундай ўзига хос дастхатга эга рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Эркин Оролнинг навбатдаги кўргазмаси очилди.
Пойтахтимизда очилган ушбу шахсий кўргазма томошабинларга кундалик ташвишлардан бироз узоқлашиб, гўзаллик ва эркин тафаккур оламига шўнғиш имконини берди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий маданиятимизни дунё миқёсида кенг тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Рассом Эркин Оролнинг ижодий изланишлари, асарларидаги ранглар уйғунлиги ва фалсафий теранлик алоҳида эътироф этилди.
[gallery-32632]
Қайд этилганидек, Эркин Орол 1976 йилда Сурхондарё вилоятида таваллуд топган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган. Мусаввир ўз ижодида портрет, манзара ва натюрморт жанрларига алоҳида урғу беради. Унинг асарларида она юрт табиатининг бетакрор гўзаллиги, халқимизнинг бой маънавий мероси, асрий анъана ва миллий қадриятларимиз ўзига хос бадиий талқинда намоён бўлади.
«Эркин олам» экспозициясидан жой олган рангтасвир асарлари томошабинни тафаккур қилиш, борлиқ гўзаллигини теран ҳис этишга чорлайди. Ҳар бир полотнода ижодкорнинг қалб кечинмалари, Ватанга муҳаббат ва ҳаётга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати акс этган.
Ушбу экспозиция миллий тасвирий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиши билан бирга, ёш ижодкорлар учун ҳам ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА