Бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик — янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Инсониятнинг кўп минг йиллик тарихи шундан далолат берадики, жамиятда миллий ва диний бағрикенглик, инсонпарварлик қарор топган юртдагина чинакам ижтимоий-иқтисодий юксалиш, илм-фан равнақ топади. Тотувлик ва ўзаро ишонч бор жойдагина инсон ўз салоҳиятини тўлақонли намоён эта олади, эртанги кунга ишонч билан қарайди.
БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли қарорига кўра, 1997 йилдан буён ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад – дунё халқларини ўзаро бағрикенглик, маданий ва диний хилма-хилликни ҳурмат қилиш, энг олий неъмат бўлган тинчликни асраб-авайлаш ҳамда умумий ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришиш йўлида ҳамжиҳат бўлишга чорлашдир.
Ана шу сана муносабати билан, қолаверса, бағрикенглик, миллатлараро дўстлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимизда жорий йил 16 – 21 ноябрь кунлари “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилаётганлиги юртимизда миллатлараро дўстлик масаласига қаратилаётган эътиборнинг бир намунасидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон азалдан турли цивилизация, маданият, тил ва динлар туташган ҳудуд - бағрикенглик бешиги бўлиб келган. Ўзбек халқига хос бўлган меҳмондўстлик, бағрикенглик ва ўзга маданиятларга ҳурмат билан қараш фазилатлари бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.


Айни пайтда республикада 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва ҳамжиҳат яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилиб келаётгани бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда 2,3 мингдан зиёд диний ташкилотлар ҳамда 150 дан ортиқ миллий маданий марказларнинг эркин ва тенг ҳуқуқли фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган.
Ўзбекистоннинг миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларни уйғунлаштириш борасидаги прагматик ва узоқни кўзлаган сиёсати глобал миқёсда ҳам юксак баҳоланмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция дунёнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан маъқуллангани Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ва тинчликсевар ғояларини жаҳон саҳнасида илгари суришдаги етакчи ўрнини яққол намоён этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётгани шунчаки сиёсий баёнот эмас, балки мустаҳкам конституциявий ва қонуний асосларга эга бўлган ҳуқуқий воқеликдир.


Конституциянинг 19-моддасига мувофиқ, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Бош қомуснинг 35- моддасида эса ҳар ким учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Бундан ташқари, мамлакат раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган.
Мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасини Андижон вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Қадимдан ўзининг очиқкўнгил, меҳмондўст ва бағрикенглиги билан танилган Андижон заминида бугунги кунда ўзбеклар билан бир қаторда, ўнлаб миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, ягона мақсад ва эзгу ғоялар атрофида жипслашиб ҳаёт кечирмоқда. Вилоятдаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда диний ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни беқиёсдир.
Бугунги кунда Андижон вилоятида исломий диний ташкилотлар билан бир қаторда 2 та ноисломий ташкилот қонуний асосда эркин фаолият юритмоқда. Улар “Барча авлиёлар Эҳроми” (“Храм всех Святых”) рус православ черкови ҳамда “Тўлиқ инжиллилар” (“Полное Евангелие”) христианлари диний жамоасидир. Мазкур диний масканларда турли миллатга мансуб фуқароларнинг ўз диний эътиқодлари, расм-русумлари ва ибодатларини эмин-эркин адо этишлари, диний байрам ва маросимларни кўтаринки руҳда нишонлашлари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан зарур барча шарт-шароитлар яратилган.
Шу билан бирга, вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи турли миллат вакилларининг ўзига хос миллий урф-одатлари, анъаналари, маданияти ва она тилини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва халқлар дўстлиги руҳида тарбиялаш мақсадида 5 та қирғиз, уйғур, рус, корейс ва арман миллий маданий марказларининг вилоят бўлимлари самарали фаолият олиб бормоқда.
Вилоят марказида ташкил этилган “Дўстлик уйи” мазкур миллий маданий марказларни ягона маконда бирлаштириб, уларнинг эмин-эркин иш юритиши ва ижодий ташаббусларини рўёбга чиқариши учун замонавий шароитларни тақдим этган. Ҳозирда марказларнинг фаоллари, зиёли ва нуроний оқсоқоллари вилоят ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётининг энг илғор иштирокчиларига айланган.

Вилоятда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Бағрикенглик ҳафталиги”, “Биз – бир макон ва бир замон фарзандларимиз” каби маданий-маърифий фестиваллар, дўстлик кечалари ва илмий-амалий анжуманлар кўп миллатли Андижон вилояти аҳолисининг бирдамлигини янада мустаҳкамлаш, айниқса, қўшни давлатлар билан халқ дипломатияси ва қардошлик ришталарини янги поғонага олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳудудларда бўлгани каби Андижон вилоятида қарор топган миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳити - бу халқимизнинг асрлар синовидан ўтган юксак маънавияти ва давлатимиз томонидан инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган оқилона, қонун устуворлигига асосланган сиёсатнинг амалий намунасидир.
Шавкатбек Суяров,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА