Нукус шаҳри атрофида “Яшил белбоғ” барпо этиш ишлари бошлаб юборилди
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон учун қабул қилинган қарори асосида Нукус шаҳри атрофида 15 минг гектар майдонда “Яшил белбоғ” ўрмонзорларини яратиш белгилаб берилган эди.
Ана шу асосда бугун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ушбу эзгу ташаббус бошлаб юборилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида яшил ҳудудларни яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ва бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда “Яшил белбоғ” ўрмонзорларини яратиш учун 15 минг гектар ер майдони танлаб олинган бўлиб, манзарали дарахт кўчатлари ва чўлга чидамли саксовуллар экилиши кўзда тутилган. Албатта, ушбу ташаббус асосида экилган дарахт кўчатлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда, экологик ҳолатни яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Тадбир давомида ёшлар, нуронийлар, муассаса-ташкилот ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ушбу савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиб, эзгу ниятлар билан дарахт кўчатларини ўтқазишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири