Бир аскар — бир касб (+видео)
Тошкент вилоятида муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитиш ишлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-134-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитиш ишлари ташкил этилди. Ушбу йўналишда вилоятдаги 27 та техникум 45 та ҳарбий қисм билан ҳамкорликда 3195 нафар аскарни 20 турдаги касб бўйича ўқитмоқда. Шундан 1962 нафар аскар бевосита ҳарбий қисмларда, 1233 нафари техникумларда таҳсил олмоқда.
Энг кўп аскарлар автомобил двигателларини таъмирлаш чилангари, компьютер АТ ва веб-сайт яратиш, электромонтёр, пайвандловчи ҳамда компьютер графикаси оператори касблари бўйича ўқитилмоқда. Қисқа муддатли курсларга 179 нафар педагог жалб этилди.
Энг кенг кўламли иш Чирчиқ шаҳар 1-сон техникумида ташкил этилган: техникум 9 та ҳарбий қисм билан ҳамкорликда 673 нафар аскарни 8 та касб бўйича ўқитмоқда, бу ишга 25 нафар педагог жалб этилган. Жорий йил май ойида бошланган 432 соатлик қисқа муддатли курсларни 2341 нафар аскар муваффақиятли тамомлаб, сертификат олди, қолган 854 нафар аскарни касбга ўқитиш жараёни давом этмоқда. Курсларни тамомлаган аскарлар ҳарбий хизматдан сўнг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб эгаси сифатида фаолият юритиш имкониятига эга бўлмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
М.Турдалиева, О.Давронов,
А.Аҳмедов. ЎзА