Оила тарбияси: халқаро тажриба ва замонавий ечимлар
Бугун Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Тарбиявий жараёнларни трансформациялашда ота-оналар педагогик маданиятини ривожлантириш: халқаро тажриба ва инновацион ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Мазкур халқаро анжуман тарбиявий жараёнларни трансформациялаш шароитида ота-оналар педагогик маданиятини ривожлантиришнинг халқаро тажрибага асосланган назарий-методологик асосларини такомиллаштириш, илғор хорижий тажриба ва инновацион ёндашувларни миллий таълим-тарбия тизимига интеграция қилиш, оиланинг тарбиявий салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига оид педагогик билим, кўникма ва компетенцияларини ривожлантиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.


Анжуманда Германия, Беларусь, Япония ва Индонезия каби давлатлардан етакчи олимлар, тадқиқотчилар ва педагог-мутахассислар, шунингдек, маҳаллий илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий анжуман доирасида тарбиявий жараёнларни трансформациялаш шароитида оила–мактаб–маҳалла ҳамкорлигининг интегратив механизмлари, ота-оналар педагогик маданиятини ривожлантиришнинг халқаро тажрибаси, илғор хорижий моделларни миллий таълим-тарбия тизимига интеграция қилиш, шунингдек, оилавий муносабатлар, ота-оналар масъулияти ва фарзанд тарбиясининг долзарб масалалари юзасидан маърузалар, фикр-мулоҳазалар ҳамда тажриба алмашувлари ташкил этилди.

Анжуман доирасидаги муҳокамалар халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, оиланинг тарбиявий имкониятларини кучайтириш ҳамда замонавий жамият талабларига мос ота-оналар педагогик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА