«Хавфсиз ва соғлом юрт»: пойтахтда қандай тадбирлар ўтказилмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида юртимизда осойишталикни таъминлаш ишлари янада кучайтирилди.
Шу мақсадда жорий йил 1 ноябрдан мамлакатимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи ўтказилмоқда.
Пойтахтимизда бу жараён қандай ташкил этилган? Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) пойтахтда жиноятчиликни жиловлаш, хавфсиз муҳитни шакллантириш ва шаҳарнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича белгиланган вазифаларни самарали бажаришда идоралараро ҳамкорлик ва манзилли ёндашувни йўлга қўйган.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи, подполковник Нилуфар Мадиеванинг айтишича, криминоген вазият таҳлилига кўра, пойтахтдаги 585 та маҳалланинг 102 таси «яшил», 468 таси «сариқ» ва 15 таси «қизил» тоифага киритилган. Мазкур кўрсаткичлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалладаги мавжуд вазият чуқур ўрганилиб, ҳудудларнинг хусусиятларига мос профилактик чоралар амалга оширилмоқда.

Тезкор-қидирув фаолияти, кўчалар ва жамоат жойларида хавфсизликни таъминлашга оид 49 та устувор йўналишни қамраб олган 109 банддан иборат идоралараро қарор ва қўшма режа ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.
Тадбир доирасида тергов ва тезкор-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг такрор содир этилишига йўл қўймаслик устувор вазифа этиб белгиланган.
Бунда маҳаллалардаги «еттилик» билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсиз туризм, пробация, миграция ва персоналлаштириш йўналишларида манзилли ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Жамоат жойларида тартибни сақлаш ва қўриқлаш хизматлари самарадорлигини ошириш масалалари доимий эътиборда. Хусусан, хонадонлар, савдо шохобчалари ва дўконларда ўғирликларнинг олдини олиш мақсадида улар қўриқлаш тизимига қамраб олинмоқда. Миллий гвардияга бириктирилган объектларда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.
Маҳаллаларда замонавий PTZ ва Face ID технологияларига эга кузатув камераларини ўрнатиш, «Намунавий хавфсиз кўча», «Намунавий хавфсиз йўлак» ва «Намунавий хавфсиз уй» лойиҳалари кенгайтирилмоқда.
Ижтимоий профилактика йўналишида муқаддам судланганлар, пробация назоратидаги шахслар, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчи ҳамда гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммолари мавжуд фуқаролар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, «қизил» тоифадаги хонадонлардаги муаммоларни ўрганиш, низоли ва ажрим ёқасидаги оилаларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўмаклашиш, оилавий низоларнинг оғир оқибатларини барвақт бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, узоқ муддат хорижда бўлган шахсларнинг оилавий шароитини ўрганиш, вояга етмаганларнинг таълим муассасаларига мунтазам қатнашини назорат қилиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш масалалари ҳам назоратда.
Айниқса, фарзандларини хорижда қаровсиз қолдирган ота-оналар билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, бундай хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари, қонунчиликда назарда тутилган маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтирилмоқда.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳам долзарб масалалардан. Интернет тармоғи орқали содир этилаётган фирибгарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг киберхавфсизликка оид билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, аҳоли ўртасида профилактик-тушунтириш ишлари кенгайтирилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, пойтахтда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА