Грант танловлари — ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг муҳим воситаси
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида «Ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда грант танловларининг аҳамияти» мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда журналистлар, шунингдек, экология, хотин-қизлар, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот йўналишларида республика миқёсида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун эълон қилинган учинчи давлат гранти танловида фаол иштирок этишни рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни самарали амалга ошириш бўйича амалий билим ва кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Дилшод Бўриев кириш сўзи билан очиб, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамиятдаги долзарб масалаларга ечим топишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим эканини таъкидлади.

Семинар давомида Жамоат фондининг Танловларни таҳлил қилиш, техник баҳолаш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Умида Халбекова «Лойиҳалар самарадорлигини таъминлашда қўйиладиган талаблар» мавзусида маъруза қилди.
Унда грант танловларида иштирок этиш тартиби, лойиҳа таклифларини белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқиш, уларнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш, кутилаётган натижаларни асослаш ҳамда лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш мезонлари хусусида маълумот берилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим йўналиши аҳолининг киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш, интернет фирибгарлигининг олдини олиш ва рақамли муҳитда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти подполковниги Ширин Норматова «Аҳолининг киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш, интернет фирибгарлигининг олдини олиш ва рақамли муҳитда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик» мавзусида маъруза қилди.
Маърузада рақамли маконда учраётган таҳдид ва хавф-хатарлар, интернет фирибгарлигидан ҳимояланиш, шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий ва рақамли саводхонлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, аҳоли ўртасида профилактик ва тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этишнинг аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари эътиборига Жамоат фонди томонидан тавсия этилган видеоролик намойиш этилди.
Тадбирнинг амалий қисмида Жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари Ҳаётхон Қўчқорова «Мақсадли лойиҳаларни амалга оширишда платформадан фойдаланиш: лойиҳаларни аниқ ва талаблар асосида тайёрлаш» мавзусида тақдимот ўтказди.
Унда грант танловларида иштирок этиш учун электрон платформа имкониятларидан фойдаланиш, лойиҳа ҳужжатларини тўғри ва белгиланган тартибда расмийлаштириш, зарур маълумотларни киритиш ҳамда таклифларни танлов талабларига мувофиқ тайёрлаш бўйича амалий тушунтиришлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай семинарлар фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳавий фаолиятини ривожлантириш, уларнинг грант маблағларидан самарали фойдаланиш салоҳиятини ошириш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
ЎзА