Оғир атлетика: Осиё чемпионатида Жаҳон ва қитъа рекордлари янгиланди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси дастлабки медални қўлга киритди.
-45 кг. вазн тоифасидаги “А” гуруҳи баҳслари якунига кўра, юртдошимиз Солиҳа Баҳодирова даст кўтариш машқида 64 кг. натижа қайд этиб, ушбу йўналишда бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Солиҳа Баҳодирова Ўзбекистон терма жамоасига мусобақадаги илк медални тақдим этди.
Осиё чемпионати доирасида “Марказий Осиё очиқ чемпионати” баҳсларида супачага кўтарилган ёш оғир атлетикачиларимиз Шаҳризода Шомуродова ҳамда Шаҳноза Турдиалиева -45 кг. вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, “Марказий Осиё очиқ чемпионати”да ўз омадини синовдан ўтказган Баҳодир Бекпўлатов -55 кг. вазн тоифасида даст кўтаришда 86 кг, силтаб кўтаришда эса 105 кг, икки кураш натижасига кўра, 191 кг. кўрсаткич қайд этиб, 3 та олтин медални қўлга киритди.

Осиё чемпионатида -55 кг. вазн тоифасида иштирок этган Саудия Арабистони вакили Муҳаммад Наваф М Ал Ожаиан силтаб кўтаришда 138 кг. натижа билан шунингдек, икки кураш якунига кўра, 247 кг. тошларни бўйсундириб, ушбу йўналишда ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё рекордларини қайд этди.
Чемпионат баҳслари давом этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА