Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон спортчилари ютуқлари ва навбатдаги жанглар
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг нимчорак финал босқичида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам рингга кўтарилди.
Жумладан, -80 кг. вазн тоифасида Аброрбек Шарипов украиналик Тимур Караиванни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. -51 кг. вазнда Назокат Мардонова туркиялик Кубра Чичекдан 5:0 ҳисобида устун келди. -70 кг. вазнда Зулфиқор Адҳамжонов ҳам туркиялик Хакан Ардани 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқди.
Шунингдек, -55 кг. вазн тоифасида Элёрбек Рустамов испаниялик Мануэль Буэнога қарши жангда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал иштирокчисига айланди.
Афсуски, Самира Турғунова, Муҳаммадризо Укимов ва Жаҳонгир Зайниддинов ўз вазн тоифаларида рақибларига имкониятни бой бериб қўйиб, мусобақа билан хайрлашди.
Бугун, жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар вакили навбатдаги жангларини ўтказади. Хусусан, аёллар ўртасида -48 кг. вазнда Мухтасар Алиева озарбайжонлик Банучичак Насирли, -57 кг. вазнда Робия Равшанова жазоирлик Бесма Баҳрига қарши рингга кўтарилади. -70 кг. вазнда Мафтуна Янгиева россиялик Александра Кошелева билан куч синашади.
Эркаклар ўртасида эса -85 кг. вазнда Сардорбек Баҳромхўжаев грециялик Иоаннис Пумпуридис, -90 кг. вазнда Асадбек Султонбоев россиялик Темирсултон Темирсултонов билан баҳс олиб боради. +90 кг. вазн тоифасидаги Ислом Салиховнинг рақиби америкалик Калеб Стюарт Рид бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА