Осуда, обод ҳаётимиз посбонлари яшил майдонда беллашди
Термиз шаҳрида спортнинг футбол тури бўйича Сурхондарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида хизмат ўтаётган ходимлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида вилоят биринчилиги мусобақаси ўтказилди.
Унда вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш департаменти тўртинчи минтақавий ҳудуд 9-тергов ҳибсхонаси, “Термиз” халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, ДХХ чегара қўшинлари соҳавий хизматлари, бўлим ва бўлинмалари ходимларидан иборат 8 та терма жамоа ўзаро беллашди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақада биринчи ўрин вилоят ИИБ спортчиларига насиб этди. ДХХ чегара қўшинлари иккинчи, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси спортчилари учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар мусобақа ташкилотчиларининг диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири