Стол тенниси: Осиё чемпионатида жамоавий баҳслар ғолиблари аниқланди
Тошкент мезбонлик қилаётган стол тенниси бўйича 2026 йилги Осиё чемпионатида эркаклар ва аёллар ўртасидаги жамоавий баҳслар ўз якунига етди.
Чемпионатнинг аёллар ўртасидаги жамоавий баҳслар финалида Япония ва Хитой терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Кескин ва муросасиз кечган учрашувда кунчиқар юрт спортчилари сўнгги очколарга қадар кураш олиб бориб, муҳим ғалабани қўлга киритди ва чемпион деган шарафли номга сазовор бўлди. Хитой терма жамоаси кумуш медаль билан кифояланди. Жанубий Корея ва Хитой Тайпейи жамоалари эса бронза медалларига эга чиқди.
Эркаклар ўртасидаги жамоавий баҳслар финалида Хитой терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Жанубий Корея вакиллари кумуш медалга сазовор бўлди. Япония ва Хитой Тайпейи жамоалари эса бронза медалларини қўлга киритди.
Қитъа чемпионатида шоҳсупага кўтарилган терма жамоаларни тантанали тақдирлаш маросимида Осиё стол тенниси иттифоқи президенти Халил Ал-Муҳаннадий, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ю Жун, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ижрочи директори Ҳасанжон Каримов иштирок этди.



Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА