Фермер хўжаликларининг энг яхши касаба уюшмаси ташкилоти аниқланди
Нукусда “Фермер хўжаликларининг илғор бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда. Президентнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан ўтказган учрашувларида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, фермерлар фаолиятига янгиликларни жорий этиш, замонавий агротехнологиялар орқали ҳосилдорликни ошириш ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сингари устувор вазифаларни белгилаб берди.

Танловда туман босқичларида саралаб олинган иштирокчиларнинг меҳнат жамоасида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, касаба уюшмаси фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларида ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасидаги ишлари муҳокама қилинди. Тақдим этилган ҳужжатлар танлов Низомида белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борилди.
Энг юқори балл Кегейли туманидаги “Жалпақжап” ҳудудий фермерлар бошланғич касаба уюшмаси раиси Абдисабит Утемуратовга насиб этди. Иккинчи ўринни Амударё туманидаги “Дўстлик-Тўлқин” ҳудудий фермерлар бошланғич касаба уюшмаси раиси Улуғбек Сейтаков, учинчи ўринни эса Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа” ҳудудий фермерлар бошланғич касаба уюшмаси раиси Комилжон Айитов эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Биринчи ўрин соҳиби эса республика босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири