Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллиги янада ортади
Андижонда давлат дастурлари ва стратегик режалаштириш ҳужжатларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини ва уларнинг фаоллигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
"Ўзбекистон – 2030" Стратегиясининг 83-мақсадида ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш, давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш вазифаси белгиланган. Мамлакатимизда ана шу мақсадга эришиш йўлида мутасадди ташкилотлар томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижонда ўтказилган давра суҳбати ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази мутасаддилари, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари котибияти ва вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят адлия бошқармаси ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
[photobank-31534]
Тадбирда сўз олган Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши раиси Ўктамжон Охунов ва бошқалар томонидан Ўзбекистонда адолатли, ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат, эркин ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, мазкур жараёнда, хусусан, давлат дастурлари ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни, роли ва иштироки тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Давлат дастурлари ва стратегик режалаштириш ҳужжатларида иштирок этаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар сонини босқичма-босқич ошириб боришнинг долзарблиги ва аҳамияти тўғрисида”, Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоровнинг “Давлат дастурларининг амалга оширилишини ўрганишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш ва уларнинг фаоллигини ошириш масалалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Маърузаларда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни давлат дастурлари ижроси доирасидаги ишларга кенгроқ жалб этиш, жамоатчилик назоратини ташкил этишдаги иштирокини кучайтириш, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш хусусида маълумотлар берилди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Андижон вилояти бўлими раҳбари Зарифа Аҳмедова иштирокчиларга вилоятда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, самарали иш олиб боришларига кўмаклашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этди.
Мунозара, мулоқот ва савол-жавоблар асосида ўтган давра суҳбати якунида мавзу доирасидаги ишларни самарали амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва ННТлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари