Дўмбира жўрлигида мардлик ва жасорат ғоялари куйланди
Элни мадҳ этиш, мардлик ва жасоратни куйлаш — халқимизнинг қадимий анъаналаридан бири. Асрлар давомида бахшилар достон ва термалари орқали Ватанга муҳаббат, элга садоқат, мардлик ва жасорат каби туйғуларни авлоддан-авлодга етказиб келган.
Бугун ана шу миллий қадриятларимиз Қуролли Кучларимиз сафида ҳам ўзгача руҳ ва шижоат билан намоён бўлмоқда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган «Энг яхши бахшичилик» кўрик-танлови ҳам бунинг яққол намунаси бўлди.
Термиз шаҳридаги Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташкил этилган танловда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ўз маҳоратини намойиш этди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад — миллий санъатимизни асраб-авайлаш, бахшичилик ва достончилик анъаналарини давом эттириш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар қалбидаги ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини янада мустаҳкамлаш.
Тадбирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, вилоят Маданият бошқармаси вакиллари, Миллий гвардияга бириктирилган «Жасорат мактаби» ўқувчилари, талабалар ҳамда ёшлар ташриф буюрди.
Ватан ҳимоячиси фақат қўлидаги қуроли билан эмас, ўзининг миллий қадриятларига бўлган муносабати билан ҳам ибрат бўла олади. Иштирокчилар дўмбира жўрлигида достон ва термалар ижро этиб, мaрдлик, садоқат, Ватан ҳимояси каби улуғ ғояларни куйладилар.
Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий қисми командири ўринбосари Аҳрор Жумабоевнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.

—«Миллий ўзлигимизни англаш, боболаримиздан мерос бўлиб келаётган бахшичилик ва достончилик анъаналарини асраб-авайлаш — барчамизнинг вазифамиз. Мазкур танлов оддий беллашувдан кўра, ўзгача маънога эга бўлди. Бу ерда мардлик, Ватанга садоқат ва миллий санъат бир саҳнада уйғунлашди», — дейди Аҳрор Жумабоев.
Дарҳақиқат, иштирокчилар ижросида «Алпомиш», «Гўрўғли» каби халқ достонларидан парчалар, шунингдек, замонавий мардлик ва Ватан посбонларини улуғловчи термалар янгради. Дўмбира садоси остида айтилган ҳар бир достон ва термада халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, жасорат ва фидойилик руҳи сезилиб турди.
Танлов иштирокчиларининг чиқишларини Ўзбекистон Республикаси халқ бахшилари, Сурхондарё вилоятининг таниқли устоз бахшилари ҳамда маданият соҳаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якунга кўра, «Энг яхши бахшичилик» кўрик-танловида Миллий гвардиянинг 98244-ҳарбий қисми ҳарбий хизматчиси, лейтенант Хушбоқов Тўрабек Бахтиёрович 3-ўринни эгаллади.
2-ўрин Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси вакили, оддий аскар Абдуқаҳҳоров Сардорбек Салим ўғлига насиб этди.
Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси майор Хуррамов Элдор Фарҳод ўғли эса танловнинг 1-ўринига муносиб топилиб, республика босқичининг мутлақ ғолиби бўлди.
Қолган маҳоратли иштирокчилар ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА