Бухоро шаҳрида “Яшил шанба” акцияси ўтказилди
Табиат инсонга берилган бебаҳо неъмат. Унинг мусаффо ҳавоси, тоза суви, яшил дарахтлари ва обод масканлари ҳаётимиз фаровонлигининг муҳим мезонидир. Аммо табиатни асраш фақат экологлар ёки масъул ташкилотларнинг вазифаси эмас. Атроф-муҳитга муносабат, аввало, ҳар бир инсоннинг кундалик маданияти ва масъулиятида намоён бўлади.
Бугун юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолида табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган эзгу ташаббуслар бугун ҳаётимизда тобора кенг қарор топмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар уйғунлигида Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан Бухоро шаҳрида “Яшил шанба” акцияси ўтказилди.
Бухоро шаҳридаги Сомонийлар истироҳат боғи бу куни одатдагидан ҳам гавжум бўлди. Аммо бу ерга одамлар шунчаки сайр қилиш ёки ҳордиқ чиқариш учун эмас, балки табиатга меҳр, Ватанга дахлдорлик ва жамоат мулкига масъулият туйғусини амалий ҳаракат билан намоён этиш учун жам бўлишди.


Оммавий плогинг акциясида Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти ва шаҳар партия ташкилотлари вакиллари, Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари, экофаоллар ҳамда ёшлар фаол иштирок этишди.
Акция давомида Сомонийлар истироҳат боғи ҳудуди чиқиндилардан тозаланди. Йўлаклар, яшил майдонлар ва сайр ҳудудларида йиғилиб қолган маиший чиқиндилар махсус халталарга тўпланиб, белгиланган жойларга чиқарилди. Бир қарашда бу оддий юмушдек туюлиши мумкин. Аммо унинг замирида катта маъно бор. Чунки инсоннинг табиатга муносабати унинг маданиятини кўрсатади. Ерга ташланган ҳар бир қоғоз, пластик идиш ёки бошқа чиқинди нафақат атроф-муҳит кўринишига, балки экологик мувозанатга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Аксинча, бир дона чиқиндини ердан олиб, белгиланган жойга ташлаш ҳам жамиятдаги катта ўзгаришнинг кичик, аммо муҳим қадами бўлиши мумкин. “Яшил шанба” ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди.
Акция иштирокчилари томонидан йиғилган чиқиндилар ҳамкор ташкилотлар ва кўнгиллилар кўмагида махсус техникалар ёрдамида белгиланган жойларга олиб чиқилди. Шу тариқа нафақат истироҳат боғининг санитария ва ободонлик ҳолати яхшиланди, балки аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик масъулият ва жамоатчилик фаоллигини кучайтиришга қаратилган муҳим тарбиявий муҳит яратилди.


Бугун Бухорони янада обод, яшил ва экологик жиҳатдан қулай ҳудудга айлантириш фақат кўчат экиш ёки ҳудудни ободонлаштириш билан чекланиб қолмайди. Яшил ҳудудларни асраш, уларни чиқиндилардан муҳофаза қилиш, дарахт ва ўсимликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳам худди шундай муҳим. Зеро, обод шаҳарни фақат янги бинолар, равон йўллар ва замонавий иншоотлар эмас, балки унинг тозалиги, яшиллиги ва аҳолисининг экологик маданияти ҳам белгилайди. Шу маънода, “Яшил шанба” акцияси бир кунлик тозалаш тадбири эмас. У одамларни умумий мақсад атрофида бирлаштирадиган, “Бу жой менинг уйимнинг давоми” деган туйғуни шакллантирадиган эзгу ташаббусдир. Энг муҳими, бу каби тадбирлар инсон онгида “тозаликни кимдир келиб таъминлайди” деган қараш ўрнига “тозаликка мен ҳам масъулман” деган тушунчани қарор топтиради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири