Акцияда университет ҳамда институт талабалари иштирок этишди
Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ҳам «Ҳаёт учун жой ажратинг!» шиори остида оммавий плоггинг акцияси ўтказилди.
Сайқал маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дўстлик» канали бўйларида ташкил этилган акцияда экология соҳаси ходимлари билан бирга талаба ёшлар, экофаоллар, экоблогерлар ва ОАВ вакиллари фаол иштирок этди. Улар канал соҳилларини чиқиндилардан тозалаш баробарида, жамоатчилик эътиборини тозалик ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабат масалаларига қаратди.
Плоггингнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у жисмоний фаолликни табиатга ғамхўрлик билан уйғунлаштиради. Бундай акциялар, айниқса, ёшларда экологик маданиятни шакллантириш, табиатни асрашга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ва тозаликни кундалик одатга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
— Бугунги акцияда турли соҳа вакилларининг бир мақсад атрофида бирлашгани қувонарли. Чунки атроф-муҳитни асраш фақат экологлар ёки масъул ташкилотларнинг эмас, барчамизнинг умумий вазифамиздир. Табиат қўйнига чиқинди ташламаслик, уни белгиланган жойга етказиш, яшил ҳудудларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби оддий қоидаларнинг ўзи экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади. Бугунги акция эса ана шу масъулиятни амалий ҳаракат орқали намоён этди, — дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нуъмонов.
[gallery-31530]
Эътиборли жиҳати шундаки, Гулистон шаҳридаги акцияда Гулистон давлат университети ҳамда Гулистон давлат педагогика институти талабалари иштирок этишди. Ёшлар канал бўйларини тозалаш жараёнида фаол қатнашиб, табиат, ҳудуд тозалиги ва ободлигига бефарқ эмаслигини амалда намоён этишди.
— Плоггинг ҳақида аввал эшитган эдим, лекин унда иштирок этиб кўрмаганман. Бугунги акцияда қатнашиб, унинг оддий тозалаш тадбиридан фарқ қилишини англадим. Чунки бу ерда жисмоний фаоллик билан бирга табиатга ғамхўрлик, тозаликка эътибор ва экологик масъулият ҳам уйғунлашган.
Акцияга курсдошларим билан бирга келдик. Канал бўйларини чиқиндилардан тозалаш, атроф-муҳитни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш биз учун ҳам фойдали, ҳам ибратли бўлди. Энг муҳими, бундай тадбирлар ёшларни табиатга бефарқ бўлмасликка, уни асраш ва тозаликни сақлашга ундайди, — дейди Гулистон давлат университети талабаси Чарос Жўраева.
Акция давомида чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш учун 3 та техника жалб этилди. Тадбир натижасида қарийб 1 тонна чиқинди ҳудуддан олиб чиқилди. Акцияда 16 та жамоа таркибида 170 нафар иштирокчи қатнашди. Якунда фаоллиги билан ажралиб турган 3 та жамоа ва 9 нафар иштирокчи ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА