Ақлбек Пиязов Рената Тебалди номидаги халқаро танловда биринчи ўринни эгаллади
Сан-Марино Республикасида Рената Тебалди номидаги ХI Халқаро вокалчилар танловининг опера йўналиши бўйича 2026 йилги босқичи ўз ниҳоясига етди.
Сан-Маринодаги Конкордия театрида ўтказилган якуний концертда танлов ғолиблари ва совриндорлари эълон қилинди. Нуфузли халқаро танловда турли давлатлардан опера ижрочилари иштирок этди.
Ҳакамлар қарорига кўра, биринчи ўрин Ўзбекистон вакили, баритон Ақлбек Пиязовга насиб этди. У 5000 евро миқдоридаги пул мукофоти ҳамда ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан таклиф этилган шартнома билан тақдирланди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.

Шунингдек, танқидчилар ҳайъати томонидан таъсис этилган махсус мукофот сопрано Флорентина Шумахерга берилди. У 1000 евро миқдоридаги мукофот билан бир қаторда томошабинлар симпатияси совринини ҳам қўлга киритди. Танлов доирасида бошқа махсус мукофотлар ҳам ўз эгаларини топди.

Ўзбекистонлик баритон Ақлбек Пиязов якуний концертда Жузеппе Вердининг “Макбет” операсидан “Раҳм-шафқат, ҳурмат, шараф” ариясини ижро этди.
Шунингдек, тадбир доирасида Рената Тебалдининг ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган “Идеал сопрано. Рената Тебалдининг инсоний ва бадиий мероси” китоби муаллифи Лукас Вианини билан суҳбат ҳам ўтказилди. Танловнинг якуний концерти Ameria Radio орқали жаҳон бўйлаб тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Ўзбекистонлик ёш вокал ижрочиси Ақлбек Пиязовнинг мазкур нуфузли халқаро танловда биринчи ўринни эгаллаши мамлакатимизда опера ва вокал санъати ривожи, ёш ижодкорларнинг халқаро майдондаги иштироки ва профессионал маҳорати юксалиб бораётганининг муҳим натижаларидан бири бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА