“Навбаҳор” газ тўлдириш шохобчаси халқ хизматида
Навбаҳор туманида жойлашган “Навбаҳор” газ тўлдириш шохобчаси мазкур ҳудуд ва Қизилтепа, Кармана, Конимех туманларига суюлтирилган газ етказиб берилишида хизмат кўрсатади.
Газ тўлдириш шохобчасининг кунлик суюлтирилган газ қабул қилиш қуввати 45 тоннага тенг. Шохобчада аҳолининг суюлтирилган газга бўлган доимий эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда ёзнинг жазирама, қишнинг совуқ кунларида ҳам қизғин иш жараёни давом этади. Бу ердан кунига 18,5 тоннагача суюлтирилган газ маиший газ баллонларда махсус транспорт воситалари билан истеъмолчилар хонадонига етказиб берилади.

Иш жараёнида маиший газ баллонлар аввал, оғир қолдиқдан тозаланиб, кейин эса белгиланган миқдорда суюлтирилган газ билан тўлдирилади. Газ тўлдириш шохобчасида меҳнат қилаётган ишчилар учун ҳам барча шароитлар яратилган.

Айни кунларда газ тўлдириш шохобчасига вилоят ИИБ Қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам бириктирилган бўлиб, улар томонидан доимий тарзда назорат ва хавфсизликни таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Маиший газ баллон юкланган махсус транспортлар Қўриқлаш хизмати ходимлари назорати остида аҳоли хонадонларига етказилиши йўлга қўйилган. Шу билан бирга шохобчада ҳамкорликда 24/7 режимида иш фаолияти ташкил этилган. Бу эса аҳолига белгиланган вақтда маиший газ баллон етиб бориши, қулайлик ва назорат таъминланишига хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири