Миллий тарихшунослик ва илмий мактабимиз салоҳияти намойиш этилди
Илм-фан чегара билмайди. Халқаро илмий мулоқот, тажриба алмашинуви ва академик ҳамкорлик эса ёш тадқиқотчилар учун янги имкониятлар эшигини очади. Айниқса, ўзбек олимларининг нуфузли халқаро дастурларда иштирок этиб, миллий тарихшунослик ва илмий мактабимиз салоҳиятини намоён этаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Хитойда «Хитой тарихи ва халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун қисқа муддатли халқаро алмашинув дастури» доирасида ФА Тарих институти таянч докторанти Нодира Иззатова илмий тақдимот билан иштирок этди.
Тақдимот давомида тадқиқотчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида олиб борилаётган хитойшунослик тадқиқотлари, мазкур илмий йўналишни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, институт директори, академик Азамат Зиёнинг ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори, қадимги хитой тилини ўрганишнинг илмий аҳамияти ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий тажриба алмашинувини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Дастур доирасида Нанкин университети ҳузуридаги Этник гуруҳлар ва чегара ҳудудлари тадқиқот маркази вакиллари билан ҳам учрашув ташкил этилди. Учрашув иштирокчилари марказ фаолияти билан танишиб, унинг архив фондлари ва тарихий манбаларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Мазкур халқаро дастурда иштирок этиш ёш олимлар учун нафақат янги илмий билим ва тажриба орттириш, балки халқаро илмий алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон тарихшунослигида хитойшунослик йўналишининг илмий салоҳиятини намоён этиш учун ҳам муҳим имкониятдир.
Н.Усмонова,
ЎзА