Кўксарой майдонида Ватан мадҳи янгради
Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида нишонланди.
Бир пайтлар бу ерда Соҳибқирон Амир Темурнинг қароргоҳи қад ростлаган. Бугун ана шу тарихий майдон узра мустақил Ўзбекистон байроғи ҳилпирамоқда.
Байрам тантанаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Майдонга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар жам бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ва бошқалар давлат байроғининг яратилиш тарихи, халқаро майдонда мамлакатимиз мустақиллигининг тимсоли сифатида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Давлат рамзларига эҳтиром ёшлар қалбида миллий ифтихор ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаши таъкидланди.
[gallery-32594]
Тантананинг бадиий қисмида шоирлар Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқиди. Санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар майдонга байрамона руҳ бағишлади.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА