Миллий режа: онкологик касалликларга шубҳа қилинган ҳар бир бола учун “яшил йўлак” тамойили жорий этилади
Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 2025–2035 йилларга мўлжалланган Миллий режа доирасида диагностика тизимини тубдан такомиллаштириш кўзда тутилган.
Маълумки, болалар саратонини оммавий скрининг орқали аниқлаш имконияти чекланган. Шу боис, ўз вақтида ва аниқ ташхис қўйиш касалликни енгиш ҳамда яшовчанлик кўрсаткичини оширишнинг энг муҳим омили ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Миллий режага мувофиқ, онкологик касалликларга шубҳа қилинган ҳар бир бола учун “яшил йўлак” тамойили жорий этилади. Бу тизим беморнинг яшаш жойидан қатъи назар, дастлабки аломатлар аниқланган пайтдан бошлаб зарур текширув ва ихтисослаштирилган ёрдамга тезкор етиб боришини таъминлайди.
Ушбу мақсадларга эришиш беморларни тор доирадаги мутахассисларга йўналтиришнинг янги стандарт протоколлари амалиётга татбиқ этилади. Бирламчи бўғин шифокорлари болалар саратонини эрта аниқлаш бўйича мунтазам ўқитилади. Ҳудудларда лаборатория диагностикаси модернизация қилиниб, морфологик диагностика бўйича референт-марказлар фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудий ва республика тиббиёт муассасалари ўртасида телетиббиёт маслаҳатлари кўлами кенгайтирилади. МРТ, МСКТ, ПЭТ-КТ ва бошқа замонавий нур диагностикаси имкониятлари босқичма-босқич ривожлантирилади.
Ҳужжатда 2030 йилга бориб — ташхисларнинг 95 фоизини беморнинг соғлиқни сақлаш тизимига биринчи мурожаатидан кейин 14 кун ичида қўйиш, бирламчи бўғин шифокорларининг 98 фоизини болалар саратонини эрта ташхислаш бўйича хабардор қилиш ва малакасини ошириш, бирламчи ташхисларнинг референт-лабораториядаги тасдиқловчи диагностика билан мувофиқлигини 95 фоизга етказиш белгиланган.
Асосий мақсад — бола қаерда яшашидан қатъи назар, унга тезкор, аниқ ва ягона стандартдаги тиббий-диагностика имкониятларини яратишдан иборат.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА