Миллий архив тизимида янги босқич: 2030 йилгача барча хизматлар 100 фоиз электрон шаклга ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида "Ўзархив" агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги фармони ижроси ва келгусидаги вазифалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти томонидан архив соҳасини рақамлаштириш, фуқароларга хизмат кўрсатиш, норматив база яратиш, халқаро ҳамкорлик ва давлат назорати йўналишларида эришилган асосий натижалар ҳақида маълумот берилди.
[gallery-32509]
Мамлакатимизда архив ишини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, тарихий ҳужжатларни асраб-авайлаш, улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Фармон билан 2030 йилга қадар Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражасини 60 фоизга, электрон хизматлар улушини 100 фоизга етказиш, хизмат кўрсатиш муддатларини камида уч бараварга қисқартириш, архив ҳужжатларини қайта ишлаш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда соҳада ягона рақамли бошқарув тизимини шакллантириш белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан архивларни рақамлаштириш, янги ахборот тизимларини ишга тушириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича қатор амалий натижаларга эришилди.
Қайд этилганидек, фармон ижросининг муҳим натижаларидан бири Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражаси 18 фоизга етказилгани бўлди. Хусусан, 1,6 миллион сақлов бирлигидаги алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларининг 260 миллион кадрли электрон нусхаси яратилиб, Ягона миллий архив ахборот тизимига киритилди. Архив ҳужжатларини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида 200 та қўшимча замонавий қурилма харид қилиниб, тегишли мутахассислар жалб этилди.
Амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилди. Ушбу тизим архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, архив ишига оид ҳужжатларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш жараёнларини ягона рақамли муҳитда ташкил этиш имконини бермоқда. Бугунги кунда мазкур ахборот тизимига 1 200 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотлари уланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларнинг ҳаракатини автоматлаштириш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида RFID радиочастотали идентификация технологияси жорий этилди. Бу технология архив ҳужжатларининг ҳаракатини назорат қилиш, уларни идентификациялаш ва сақланиш хавфсизлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Рақамли архив инфратузилмасининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кибертаҳдидларни мониторинг қилиш, аниқлаш ва уларнинг олдини олишга мўлжалланган SOC - Ахборот хавфсизлиги операциялари маркази тизими ҳам жорий қилинди.
Фармон ижроси доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган архив хизматларини соддалаштириш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, архив хизматларини кўрсатишда илгари талаб этилган 4 турдаги ҳужжатни тақдим этиш талаби бекор қилинди, 4 та архив хизмати бўйича хизмат кўрсатиш муддатлари қисқартирилди.
Хусусан, архив ҳужжатларини республикадан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома бериш муддати 15 иш кунидан 5 иш кунига, меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш 20 иш кунидан 10 иш кунига, таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномасини бериш 5 иш кунидан 2 иш кунига, архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш муддати эса 3 иш кунидан 1 иш кунига қисқартирилди.
Шу билан бирга, давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатлари аслини бериш бўйича янги давлат хизмати жорий этилди. Архив иши ва иш юритишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланди.
Гулноза Бобоева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА