Миллионлаб орзуларни бирлаштирган сананинг олтин даврдаги аҳамияти
17 ноябрь — Халқаро талабалар куни
Талабалик инсон ҳаётидаги энг қизғин, энг изланувчан, энг беғубор давр. Бу йиллар фақат аудитория, маъруза, имтиҳон ва диплом билан ўлчанмайди. Унда мустақил фикрлаш, ўз йўлини танлаш, хатолардан сабоқ олиш, илк жиддий қарорларни қабул қилиш ва катта ҳаётга қадам қўйиш бор. Бугун дунё бўйлаб Халқаро талабалар куни нишонланмоқда.
Ушбу сананинг ўз тарихи, ўз ҳикояси бор. Байрам чехиялик ватанпарвар талабаларнинг хотирасига бағишланиб жорий қилинган. 1946 йил 17 ноябрь куни Прага шаҳрида Бутунжаҳон талабалар конгрессида тасдиқланган.
Бир сўз билан айтганда, ўша даврларда бу кун талабаларнинг эркинлик ва адолат йўлидаги жасорати, оғир йўқотишлари билан боғлиқ бўлгани ҳақиқат. Лекин бугун у дунёнинг турли бурчакларида билим олаётган, орзу-мақсадлари сари интилаётган миллионлаб ёшлар учун байрам саналади.
Ўзбекистон олий таълим тизимида 1,8 миллион нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Бу рақамлар ортида миллионлаб орзулар, эгалланмоқчи бўлган касблар, улкан мақсадлар ва келажакка ишонч мужассам. Зеро, талабалик инсон ўзини, салоҳиятини ва ҳаётдаги ўрнини кашф этадиган бетакрор даврдир.
– Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат йўналишини тамомладим ва шу соҳада магистратура босқичига ўқишга кирдим, – дейди Ирода Васиева. – Ўтган вақт давомида шуни англаб етдимки, талабалик фақат имтиҳондан ўтиш эмас, эртанги ҳаёт учун жиддий тайёрланиш демакдир. Бу даврнинг ўзига хос қувончли лаҳзалари бор. Талабалик бир вақтнинг ўзида ҳам орзу қилиш, ҳам мустақил бўлишни ўрганиш дегани. Бугунги байрам билан барча ёшларни табриклайман.
Дарҳақиқат, бугунги талаба эртанги шифокор, иқтисодчи, муҳандис, олим, ўқитувчи ва тадбиркор, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган мутахассисдир. Талабалар куни сифатида нишонланаётган ушбу сана эса нафақат ёшлик ва қувонч, балки катта масъулият, эртанги кунга ишонч ва келажак рамзидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА