Хориждаги фуқаролар пенсияси: тўлов тўхтатилишининг ҳуқуқий асослари
Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз даволаниш, фарзандлари ва яқинларини зиёрат қилиш, шунингдек, саёҳат мақсадида хорижий давлатларга йўл олишмоқда. Аммо чет элда режалаштирилганидан кўпроқ муддат қолиб кетилганда, пенсия тўловларининг кутилмаганда тўхтаб қолиши кўпчилик фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларида турли саволлар ҳамда хавотирларни келтириб чиқаради.
Хўш, чет элда бўлган фуқароларнинг пенсия тўлови тўхтатилишига амалдаги қонунчиликда аниқ ҳуқуқий асослар белгиланганми?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Аслида, бу ҳолат қонунбузарлик ёки маблағларнинг бекор қилиниши эмас, балки давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлашга қаратилган қонуний тартибдир. Чет элда бўлган фуқароларнинг пенсия тўлови тўхтатилишига амалдаги қонунчиликда аниқ ҳуқуқий асослар белгиланган.
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 159-банд 3-хатбошига мувофиқ, пенсионер Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиққанда 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон Республикасига қайтиб келмаганда;
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 159-банди 11-хатбошига мувофиқ, хорижий давлатда бўлган ҳолда нақд пулсиз шаклда (банк пластик картаси орқали) пенсияни олувчи шахс унга тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда Пенсия жамғармаси тўловни автоматик тарзда тўхтатиб туради.
Амалдаги тартибга кўра, агар фуқаро хорижга чиқиб кетса ва 3 ой ичида қайтиб келмаса, Пенсия жамғармаси тўловни автоматик равишда тўхтатиб қўяди. Бу пенсия маблағларининг манзилли ва қонуний тўланишини таъминлаш ҳамда назорат қилишга қаратилган.
Истисно тариқасида айтиш мумкинки, агар пенсия ишончнома орқали ёки хорижий давлатда бўлган ҳолда нақд пулсиз шаклда олиш бўйича махсус тартиблар расмийлаштирилган бўлса, ушбу 3 ойлик чеклов қўлланилмаслиги мумкин. Бироқ ҳуқуқни тасдиқлаш муддати барибир амал қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА