Меҳр-мурувват ва саховат байрами
Юртимизда кенг нишонланадиган бу йилги Қурбон ҳайитига шундай таъриф бериш мумкин. Сабаби байрам арафасида давлатимиз раҳбарининг муборак Қурбон ҳайитини нишонлашга доир қарори билан бирга ҳайит муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисидаги қарори ҳам қабул қилиндики бу ҳужжат кўмакка муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг навбатдаги муҳим босқичини бошлаб берди.
Қарорга кўра, юртимиздаги оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болаларда жарроҳлик амалиёти бажарилади, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморлар тиббий текширувдан ўтказилади ҳамда уларни даволаш чоралари кўрилади, камида 350 нафар беморларда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда “SOS” болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандлари, “Taskin Children’s Hospice” болалар онкологик шифохонасида даволанаётган болаларнинг ҳар бирига омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ўтказиб берилади.

Юртимиздаги 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида уларда замонавий таҳоратхоналар қурилади, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш ҳамда жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
– 2026 йилги Қурбон ҳайити юртимизда мисли кўрилмаган шукроналик, ҳамжиҳатлик ва юксак маънавий муҳит ила қарши олинмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон Алимов. – Аслида бу муборак айём қалблардаги меҳр-мурувват, саховат ва оқибат туйғуларини намоён этиш, инсонлар ўртасидаги аҳиллик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг қулай фурсатидир.
Қурбон ҳайити кунларида мўмин-мусулмонлар муқаддас динимизнинг фарзларидан бири бўлган Ҳаж ибодатини амалга оширади. Бу йил вилоятимиздаги 940 нафарга яқин юртдошларимиз давлатимизнинг чексиз ғамхўрлик ва эътиборидан баҳраманд бўлган ҳолда ушбу фарзни адо этиш учун айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Яна 7 нафар самарқандликлар эса мамлакатимиз бўйича танланган 100 нафар бахтли инсонлар қаторида “Президент ҳожиси” деган лойиҳа асосида бепул йўлланма билан Ҳаж ибодатини бажармоқда. Шу кунларнинг яна бир эътиборли жиҳати ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг айни пайтда Саудия Арабистонида бўлажак ҳожиларимиз ёнида бўлган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зиёратчиларимиз учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфиятини сўраганлари бўлди.
Юртбошимизнинг дуо ва эзгу тилаклари Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиб турган зиёратчиларимиз қалбида катта мамнуният, фахр ва чексиз шукроналик туйғуларини уйғотди. Айтиш мумкинки, бу юксак эътибор ва ғамхўрлик нафақат муборак сафардаги, балки бутун халқимиз учун катта маънавий қувонч бўлиб, инсон қадри ва эътиқодига қаратилаётган улкан эҳтиромнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Қурбон ҳайитининг биринчи куни – 27 май юртимизда байрам куни деб эълон қилинди. Шу куни Самарқанд вилоятидаги 287 масжидда ҳам Қурбон ҳайити намози ўқилади ва айни пайтда барча масжидларда бу ибодатни муносиб тарзда адо этиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Жумладан, Имом Бухорий мажмуасида ўқиладиган ҳайит намозида юртимизнинг турли ҳудудлари ва хориждан минглаб мўмин-мусулмонлар келиши инобатга олиниб, улар учун зарур шароит яратиш, хавфсизлик ва тартиб-интизомни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Самарқанд шаҳридан мажмуагача қўшимча автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Барча масжидларда ҳайит намозидан аввал тинчлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, инсон қадри ва юрт осойишталиги ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилади.
Шу кунларда вилоятдаги муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, хайрия ҳашарлари уюштирилмоқда.
Вилоят бош имом хатибининг қайд этишича, ҳайит куни ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзилади ҳамда зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирлари ташкил этилади. Маҳаллаларда аҳоли томонидан ўтказиладиган қурбонлик маросимларида ҳам камбағал оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларни таклиф этиш, уларнинг ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири