Ўзбекистон – Россия парламентлараро комиссиянинг ўн биринчи йиғилиши ўтказилди
Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Комиссия йиғилишини Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Федерация Кенгашининг фан, таълим ва маданият қўмитаси раиси биринчи ўринбосари И.Умаханов олиб борди. Унда парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, юқори технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
[gallery-29639]
Тадбирда қайд этилганидек, икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда ва яқин истиқболда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Йиғилишда парламентлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Хусусан, маъмурий тўсиқларни камайтириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, таълим, илм-фан, маданият, туризм, ёшлар алмашинуви ва соғлиқни сақлаш йўналишларидаги гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастури амалга оширилаётгани қайд этилди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик амалий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланди. Парламентлар қардош ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий бошқарув бўйича тажриба алмашинувига кўмаклашиши муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар парламентлараро мулоқотни фуқаролар ва бизнес вакилларини қийнаётган масалаларни тезкор ҳал этиш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда эришилган келишувлар ижросини самарали назорат қилишнинг муҳим механизми сифатида баҳолади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари