Мактаб остонасидан катта ҳаёт сари
Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Жумладан, Наманган шаҳридаги 1-сонли давлат ихтисослаштирилган мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбир аввалида Ўзбекистон Президентининг мамлакатимиз мактабларининг битирувчи ўғил-қизларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда қатнашган Наманган вилояти прокурорининг ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Санжарбек Исмоилов, Наманган шаҳридаги “ANAMED” тиббиёт маркази раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, O’zLiDeP фаоли Носирбек Абдуллахонов устоз-муаллимлар, ота-оналар, ўқувчи-ёшларни ўқув йилини муваффақиятли натижалар билан якунлангани билан муборакбод этишди.
Якунига етган 2025/2026 ўқув йилида фидойилик билан меҳнат қилган бир қатор тажрибали педагоглар, намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиган, фан олимпиадалари ва турли танловларда ғолиб чиққан иқтидорли ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари Наманган шаҳар ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилоят кенгаши томонидан муносиб равишда тақдирландилар.
Дарҳақиқат, халқ таълими аълочиси Шерзодбек Содиқов бошчилигидаги мактабнинг 137 кишилик педагогик жамоаси 3 минг 634 нафар ўқувчи билан ўқув йилида салмоқли натижаларни қўлга киритди. Билимгоҳни тугатаётган 131 битирувчининг 37 нафари муддатидан аввал олий таълим муассасаларининг талабаси бўлиш бахтига эришди.
– Мактабда ўтган ўн бир йил ҳаётимда унутилмас онларга бой бўлди. Биз шогирдларига меҳр кўрсатган, бор билимини берган устоз муаллимларимдан беҳад миннатдормиз. Камина Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги синовларидан муваффақиятли ўтган ҳолда кимё, биология, математика, тарих фанлари бўйича миллий сертификатга эга бўлдим, – дейди 11-синф битирувчиси Фарҳоджон Эргашев. –Бунинг натижасида Тошкент давлат тиббиёт академиясига муддатидан аввал имтиёзли қабул қилиндим. Келгусида етук шифокор бўлиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан ишламоқчиман.
Илм масканида юқори синф ўқувчиларини бир вақтнинг ўзида хорижий тиллар ва ўзлари қизиқққан касб-ҳунарга ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 28 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда 9-синфда таҳсил олаётган 350 дан зиёд ўқувчиларни хорижий тилларга ўқитиш билан бир қаторда вилоятдаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналарида чеварчилик, пайвандчилик, дурадгорлик, заргарлик, каштачилик, қандолатчилик сингари ўндан ортиқ касбу кор борасида амалий кўникмалари шакллантирилди. Янги ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг 50 фоизини касб-ҳунар таълими муассасаларига йўналтириш режалаштирилган.
[25.05.2026 18:14] Shawkat Tokhirov 🇺🇿: Тантанали маросим якунида битирувчи ўғил-қизлари мактабдан катта ҳаёт сари дадил қадам ташлаб, Ватанимиз ривожи учун муносиб мутахассислар сифатида шаклланишга чақирилди.
Таъкидлаш жоизки, ниҳояланган 2025-2026 ўқув йилида Наманган вилоятида умумтаълим мактабларининг 11-синфини 39 минг 981 ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Битирувчилардан 725 нафари олтин, 150 нафари эса, кумуш медаллар соҳибига айланди.
2017-2025 йилларда вилоятда инвестиция дастури доирасида жами 408 таълим муассасасида 26 та янги мактаб биносини қуриш, 233 та мактаб биносини реконструкция қилиш, 149 та мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион 707 миллиард 816 миллион 800 минг сўм маблағ сарфланди. Бунинг натижасида қўшимча 71 минг 914 ўқувчи ўрни яратилди.
Жорий йилнинг ўзида 38 та таълим муассасаси дастурга киритилиб, битта янги ихтисослашган мактаб қурилади, 22 та мактаб реконструкция, тўрттаси мукаммал таъмирланади ва 11 та мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш учун жами 265 миллиард сўм ажратилган. 27 та мактабнинг ишга туширилиши ҳисобига, учта янги спорт зали қурилиб, қуввати 10 020 ўринли замонавий янги ўқув бинолари қурилиши ҳамда 7 минг 451 ўринли бинолар мукаммал таъмирланмоқда.
Кўрсатилаётган ғамххўрликлар туфайли 3 минг 543 нафар хорижий тил ўқитувчиси чет тилини билиш бўйича миллий ва халқаро сертификат олган бўлса, 1 минг 404 нафар битирувчи “IELTS” ҳамда
2028 нафар битирувчи миллий сертификатга лойиқ кўрилди. Ҳозир битирувчиларнинг 10,1 фоизи ёки 4052 нафари муддатидан аввал хорижий ва юртимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Наманганлик ўқувчилар сўнгги уч йил мобайнида Президент соврини учун ўтказилган “Энг яхши хорижий тил мактаби” танловида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Жумладан, 2025-2026 ўқув йилида Янгиқўрғон туманидаги 10-мактаб ўқувчилари республикада фахрли биринчи ўринни эгаллаб, 850 миллион сўм ва Англия давлатига бир ҳафталик бепул саёҳатни қўлга киритишди. “Жадидлар изидан” кўрик танловининг республика босқичида Чортоқ туманидаги 1-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Абдулазиз Собиров ғолибликни қўлга киритиб, Германияга таълим саёҳатига бориш имкониятига эга бўлди. Яқинда эса, дунё ёшларини бирлаштирган Ибн Сино халқаро биология олимпиадаси (“AIBO”) Наманган шаҳрида ўтказилиб, унда Уйчи тумани ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Асала Асадуллаева “Энг ёш иштирокчи” номинациясига муносиб кўрилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири