Маърифатчилар - Самарқандда
Самарқандда “Ўзбекистон – ўз-ўзимизники” шиори остидаги “Маърифат ҳафталиги” тадбирлари бошланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган маърифий тадбирларда таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, диний-маърифий соҳа вакиллари ҳамда жамоатчилик фаолларидан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари аҳоли билан очиқ мулоқотлар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, хайрия акциялари ташкил этилмоқда.
Каттақўрғон шаҳри ва туманидаги маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида аҳоли билан юзма-юз мулоқот, маърифий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Гуруҳ аъзолари дастлаб Каттақўрғон шаҳрининг Чинобод маҳалласида мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган жасур ҳарбий хизматчи Улуғбек Барноевнинг хонадонида бўлиб, унинг оила аъзолари билан суҳбатлашдилар.

“Миллат фидойилари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашувда Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жонини фидо қилган Улуғбек Барноевнинг жасорати, мардлиги ва фидойилиги ёдга олинди. Қаҳрамоннинг яқинлари билан самимий суҳбат қурилиб, унинг ҳаёт йўли ва Ватан олдидаги хизматлари эътироф этилди.
– Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган инсонларнинг хотирасини эъзозлаш, уларнинг жасоратини ёдга олиш барчамизнинг инсоний бурчимиз, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров. – Чунки улар мана шу жонажон юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишта ҳаёти учун ўзларини аямай, кўксини қалқон қилган. Буни, айниқса, бугун ўсиб келаётган ёш авлод, ўғил-қизларимиз яхши билишлари керак. Шунинг учун Самарқанддаги ҳафталик тадбирлари ана шу эзгу иш билан бошланди, мард ўғонимиз Улуғбек Барноев ёдга олинди. Ишонаманки, Улуғбек сингари жасур ҳарбийларимизнинг жасорати халқимиз қалбида мангу яшайди.

Шундан сўнг тарғиботчилар Каттақўрғон туманининг Қоқсой маҳалласида “Маҳалла билан юзма-юз” лойиҳасида қатнашдилар. Маҳалла аҳли билан суҳбат чоғида юртимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятимиздаги ижтимоий барқарорлик, ҳаётдан шукроналик ва розилик ҳақида сўз юритилди. Каттақўрғон туманида кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, одамлар турмуш даражасининг юксалиб бораётгани аниқ мисолларда тилга олинди.
Суҳбат таниқли санъаткорлар билан ижодий учрашув ва куй-қўшиқларга уланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири