Маиший газ баллонлари хонадонларга етказилмоқда
Совуқ кунларда аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, уни етказиб бериш ва тарқатиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада масъул ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда амалий ишлар олиб бориляпти.
Президентимизнинг суюлтирилган газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган қарори ижроси доирасида ташкил этилган “LPG-Trade” корхонаси томонидан ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнлари изчил йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ҳамда “LPG-Trade” МЧЖ Тошкент вилояти ҳудудий филиали масъуллари ҳамкорлигида Бўка туманидаги “Паркент” маҳалласи аҳолисига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Жараёнда тайёр маиший газ баллонлари махсус автотранспорт воситалари орқали хонадонларга олиб борилди. Истеъмолчилардан тўловлар Face ID тизими орқали қабул қилиниб, ҳисоб-китобларнинг аниқ ва шаффоф амалга оширилиши таъминланди.

Шунингдек, Қўриқлаш департаменти ходимлари томонидан газ баллонларини ташиш, тарқатиш ва тўловларни амалга ошириш жараёнларида жамоат тартиби ҳамда мол-мулк хавфсизлиги назорат қилинди. Тадбир давомида фуқароларга маиший газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
Бундай ҳамкорликдаги ишлар аҳолига газ етказиб бериш жараёнини тартибли ташкил этиш, хизматлар шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчилар хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА