Маҳаллалар жамоалари “Заковат”да беллашмоқда
Сурхондарё вилоятида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман ва шаҳар босқичи бўлиб ўтмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳаллаларда жамоавий муҳитни мустаҳкамлаб, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган мусобақанинг Термиз тумани босқичида маҳаллаларнинг энг зукко жамоалари ўз билими, жамоавий ҳамкорлик кўникмаси ва мантиқий фикрлаш қобилиятларини синовдан ўтказди. Ҳар бир жамоа беллашувнинг турли саволларига тезкор, аниқ ва лўнда жавоб бериш учун билим ва тафаккурини намоён этди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа якунида “Учқизил” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, беллашувнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Янги ҳаёт ва учинчи ўринни Орар маҳалласининг билимдон жамоалари эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири