Тиббиёт хабарлари
“Эл-юрт умиди” жамғармасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар юқори малакали кадрлар тайёрлаш, онкология соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди. Таъкидланишича, марказ Франция, Европа ва Осиёнинг етакчи тиббиёт муассасалари, жумладан, дунёнинг энг нуфузли онкология марказларидан бири — Гюстав Русси (Gustave Roussy) институти билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб келмоқда.
Раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш, шифокор ва ҳамширалар учун хорижий стажировкаларни ташкил этиш, шунингдек, тиббиёт муассасаларини бошқаришнинг замонавий ёндашувларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жамғарма ижрочи директори Гулноза Исмаилова Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларининг магистратура, қўшма таълим ва хориждаги мақсадли стажировка дастурларини қўллаб-қувватлашга ҳамда таълим дастурлари ва маҳорат дарсларини ўтказиш учун етакчи хорижий мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар кадрлар салоҳиятини юксалтириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижио билан учрашди.
Учрашувда таъкидланганидек, UNICEF билан ҳамкорликда мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, иммунопрофилактика тизимини такомиллаштириш, соҳада рақамли технологияларни жорий этиш каби йўналишларда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жамғарма кўмагида юртимизда вакциналарни сақлаш ва етказиб бериш тизими тўлиқ модернизация қилинди.
Сўнгги уч йил давомида она ва бола саломатлигини асраш ҳамда неонатал хизматни такомиллаштиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, 231 та туғуруқ муассасаси 23 турдаги 7 мингдан ортиқ замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. 80 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимининг малакаси оширилди. 29 та акушер-гинекологик ҳамда янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш бўйича миллий протокол янгиланди. 4 миллион нафардан зиёд оналар ва болалар сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олинди.
Мулоқот давомида келгусида педиатрия хизматини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, UNICEF ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ҳолати ва аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини баҳолаш ишлари якунланди. Бунда 400 та муассаса қамраб олиниб, улардаги инфратузилмадан бошлаб, инсон ресурсларигача батафсил ўрганиб чиқилди.
Йиғилиш якунида тўпланган маълумотларни биргаликда таҳлил қилиш ва келгусида ушбу муассасаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан соҳадаги долзарб масалаларга бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, «CRPT Turon» МЧЖ, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони вакиллари ҳамда дори воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқот давомида ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш механизмини янада такомиллаштириш, дори воситаларини рақамли маркировкалаш жараёнидаги муаммолар ҳамда МХИК (Маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация коди) кодларини расмийлаштириш тартиби атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда референт нарх белгиланган дори воситаларини тасдиқланган қийматдан юқори нархларда сотишга йўл қўйилмаслиги қатъий таъкидланди. Ушбу талаблар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда онлайн назорат-касса техникаларида тегишли валидация (тўғриликни текшириш) механизмлари жорий этилгани маълум қилинди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб тахминан 2500 номдаги рецепт бўйича бериладиган дори воситалари учун референт нархлар қайта кўриб чиқилиб, пасайтирилгани эслатиб ўтилди. Мазкур янги нархлар 2026 йил 1 июндан – улгуржи савдо субъектлари учун, 2026 йил 1 июлдан – дорихоналар учун амал қилади.
Мулоқот чоғида тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари батафсил тушунтиришлар берди.
Учрашув якунида давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиб бориш мақсадида бу каби тадбирларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида муассаса директори Алишер Темиров бошчилигида раҳбарият, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳамда марказ ходимлари иштирокида ижро интизоми, ташкилий фаолият самарадорлиги ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда фаолият давомида аниқланган қонунбузилишлар ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилди.
Таъкидланганидек, айрим йўналишларда ишларнинг талаб даражасида йўлга қўйилмагани, ташкилий ва назорат механизмларининг етарли даражада ишламагани қатор камчиликларга сабаб бўлган. Шунингдек, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти мансабдор шахслар ва ходимлар томонидан етарли даражада ўзлаштирилмагани, уларни жамоа ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилиш ишлари суст ташкил этилгани айтилди.
Ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлиги алоҳида таъкидланиб, таркибий бўлинмалар раҳбарлари томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тезкор, қатъий ва самарали чоралар кўрилиши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, ижро интизомини мустаҳкамлаш, масъулият ва талабчанликни ошириш, тизимда очиқлик ҳамда самарадорликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири экани алоҳида урғуланди.
Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, назорат механизмларини кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ҳар бир раҳбарнинг шахсий жавобгарлигини янада кучайтиришга қаратилган аниқ топшириқлар берилди.
***
Давлатимиз раҳбарининг "Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги қарори доирасида юртимизда кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йил 24 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра 2 488 нафар бемор бола тиббиёт муассасаларига ётқизилиб, уларнинг 1 773 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 767 нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган бемор тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиб, уларнинг 181 нафарида мураккаб жарроҳлик операцияси бажарилди; 88 нафар шахс тиббиёт муассасаларига ётқизилди ва уларнинг 32 нафарида жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА